Россияда шахматчи рақибини заҳарлашга урингани учун дисквалификация қилинди
Бу ҳақда ташкилот президенти Андрей Филатов маълум қилди.
Классик шахмат бўйича Доғистон чемпионати заҳарланиш ҳодисаси туфайли тўхтатилди: иштирокчилардан бири Махачқалъалик Амина Абакарова ўзининг каспийсклик рақиби Умайганат Османованинг столига симоб сепди. Жабрланувчи тиббий ёрдамга муҳтож эди.
Заҳарланиш ҳодисаси ўтган жума, 2 август куни, тўртинчи раунд бошланиши арафасида содир бўлган. Бироқ видеокузатув камералари тасвирлари бугун, 7 август куни пайдо бўлди.
Камералардаги видео интернетга тарқалгач, Доғистон спорт вазири Сожид Сожидов воқеага изоҳ берди. Унинг айтишича, воқеадан сўнг дарҳол Амина Абакарова Доғистон чемпионатида иштирок этишдан четлаштирилган. Шунингдек, у ФCР ҳомийлигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан вақтинча тўхтатилди. Энди Амина Абакарова умрбод дисквалификация ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.