Омбудсман тавсиясига кўра, Бухородаги тергов ҳибсхонасида маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этилди

Омбудсман тавсиясига кўра, Бухородаги тергов ҳибсхонасида маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этилди

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасига кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи берилган. Амалдаги тартибга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар йил давомида яқин қариндошлари билан 6 марта қисқа ва 6 марта узоқ муддатли учрашувлардан фойдаланишлари мумкин.

Баъзи маҳкумлар жазо муддатларини хўжалик ишларига жалб қилинган ҳолда тергов ҳибсхоналарида ўташади. Лекин, барча тергов ҳибсхоналарида ҳам узоқ муддатли учрашувлар учун зарур шароитлар яратилмаган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили А.Хусейнова томонидан Бухоро шаҳрида жойлашган 4-сон тергов ҳибсхонасига ўтказилган мониторинг ташрифида айнан шу ҳолат аниқланган. Шундан сўнг, маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналарини ташкил этиш бўйича Омбудсман тавсиялари тайёрланиб, тегишли идораларга киритилган эди.

Куни кеча Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида Омбудсман тавсиясига кўра, узоқ муддатли учрашув учун қурилган янги бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Эндиликда ушбу ҳибсхонада жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам узоқ муддатли учрашувдан фойдаланишлари мумкин.

Омбудсман минтақавий вакили шу куни маҳкумлар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари билан суҳбатлашиб, ходимларнинг маҳкум ва маҳбусларга муносабати ҳамда ҳибсхонадаги шароитлар ҳақидаги фикрларини ўрганди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Дўстларингизга ҳам юборинг: