Ла Лига. “Барселона” сафарда “Вильярреал”ни тор-мор этди
Футбол бўйича Испания Ла Лигасининг 6-турида “Барселона” 22 сентябрь, якшанба куни “Вильярреал”га қарши баҳс олиб борди.
Урашувнинг 20-дақиқасида Роберт Левандовски ҳисобни очди. 35-дақиқада полшалик ҳужумчи дублни расмийлаштирди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, “Вильярреал” футболчиси Перес ҳисобни қисқартирди. Биринчи бўлим 2:1 ҳисоби билан якунланди.
Иккинчи бўлимда ҳам каталонияликлар ҳужумкор ўйин намойиш этиб, 58-дақиқада Пабло Торренинг голи эвазига устунликни мустаҳкамлади. 74-дақиқада эса Рафинья ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. 83-дақиқада эса бразилиялик футболчи ҳам иккинчи голига муаллифлик қилди.
Қолган дақиқаларда гол урилмади ва “кўк-анорранглилар” йирик ғалабани расмийлаштирди.