Бишкекда Хитой − Қирғизистон − Ўзбекистон темирйўлини қуриш компанияси таъсис этилди
Бишкекда Хитой − Қирғизистон − Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича компания офиси очилди, деб хабар бермоқда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Қирғизистон бош вазири Ақилбек Жапаров мамлакатда ушбу лойиҳа юқори баҳоланишини ва уни «аср қурилиши» деб атади. Унинг сўзларига кўра, ушбу темир йўл қурилиши Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
«Бу тарихий воқеага етиб бориш учун катта ва самарали ишлар қилинди. Лекин таъкидлаш жоизки, бу лойиҳани тўлақонли амалга ошириш йўлидаги илк қадам, олдимизда катта вазифалар турибди. Шу билан бирга, хитойлик ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг бой тажрибасига таяниб, ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу ишларни сифатли ва ўз вақтида якунлаймиз», — деди у.
Ўзбекистон томонидан «Хитой − Қирғизистон − Ўзбекистон» темирйўл компанияси офисининг очилиш маросимида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва «Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев иштирок этди.
Июль ойида президент Хитой − Қирғизистон − Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича лойиҳа компанияси устав фондига 255 миллион доллар ажратиш бўйича топшириқ берган эди. Шундан 14 млн доллари жорий йил якунига қадар йўналтирилиши керак.
«Газета.uz» билан суҳбатда Транспорт вазирлиги вакили ёзда қўшма компанияда Хитойнинг улуши 51 фоизни, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг улуши эса 24,5 фоизни ташкил этишини маълум қилганди. Унинг таъсисчилари сифатида Хитойнинг China Railway International Co., Ltd, Қирғизистоннинг «Қирғиз темир йўли» ва Ўзбекистоннинг «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари иштирок этди. Қирғизистон ўз бюджетида 11 млрд сўм (тахминан 130,5 млн доллар) ажратишни режалаштирган.
«Хитой ҳудудида темирйўл қурилиши тўлиқ амалга оширилади ва Хитой томонидан молиялаштирилади. Қолаверса, улар ҳам Қирғизистон ичидаги ушбу жараёнларда иштирок этади. Ўзбекистонда лойиҳага қўшилиш учун 10 километрга яқин йўл қуриш керак. Ишларнинг асосий қисми Қирғизистонда», — деди суҳбатдош.
Лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш режалаштирилмоқда.