Уйида 48 кило гиёҳвандлик воситасини сақлаган шахс ушланди
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти томонидан яшаш хонадонида кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётган шахс аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 27 сентябрь куни Тошкент шаҳри Учтепа тумани “Оқмачит” маҳалласида яшовчи шахснинг хонадони кўздан кечирилди.
Унда 1962 йилда туғилган, муқаддам судланган ушбу шахс яшаш хонадонининг омборхонасида қуритиб қўйилган 2 туп 10 кг “Каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги, 13 та банкада 13 кг, 3 та коробкада 12 кг 200 гр, 2 қопда 2 кг, қора селофан пакетда 700 гр, ҳамда бир нечта қоғоз бўлагида 200 гр, жами 38 кг 100 гр “марихуна” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланди.
Олинган гиёҳвандлик воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 273-моддаси билан (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) жиноят ишини қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.