Путин номидаги махсус университетга ҳужум қилинди
Чеченистондаги Россия махсус кучлари университетига дрон ҳужуми содир этилди. Бу ҳақда Рамзан Қодиров хабар қилди.
— Чеченистонга дронлар ҳужум қилди, — деди вилоят раҳбари Рамзан Қодиров. — Натижада Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлари университети (Гудермес шаҳрида жойлашган) биносининг том қисмида ёнғин содир бўлди.
Қодиров ҳужумда қанча дрон иштирок этганига аниқлик киритмади.
«Жабрланганлар йўқ, ёнғин ўчирилди. Тергов органлари ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказмоқда ва жиноят содир этган шахсларни аниқлашга киришди. Университет фаолияти тўхтатилгани йўқ, барча хизматлар одатдагидек ишламоқда», — дея қўшимча қилди Қодиров.
Россия махсус кучлари университети 2013 йил 1 августда Қодиров ташаббуси билан ташкил этилган. Бу Россиядаги махсус кучлар учун касбий тайёргарликни таъминлайдиган ягона хусусий таълим муассасасидир. Университет 95 та бино ва иншоотлардан иборат бўлиб, Гудермесда 400 гектардан ортиқ майдонни эгаллайди.
Украинада уруш бошланганидан бери Россия ҳудудларига мунтазам равишда дронлар ҳужуми уюштирилади. Бироқ бундай ҳодиса Чеченистон учун биринчиси бўлди.