АҚШ яна бир ўзбек компаниясига қарши санкциялар киритди
Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) Ўзбекистондаги компанияга қарши санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди, деб ёзади UzDaily.uz.
Хабарга кўра, бугун АҚШ ҳукумати 400 га яқин юридик ва жисмоний шахсларга Россиянинг Украинага қарши урушида ёрдам бергани учун санкция жорий қилган.
АҚШ Давлат департаменти 120 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга, Ғазначилик департаменти эса 270 дан ортиқ юридик шахсларга нисбатан санкциялар қўллаган.
Ўзбекистоннинг THE ELITE INVESTMENT GROUP компанияси АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилди. Америка Қўшма Штатлари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон компанияси Россияда рўйхатдан ўтган ва АҚШ санкцияларига дучор бўлган “LLC GTS GRUPP” МЧЖга икки томонлама маҳсулотлар етказиб берган.
LLC GTS GRUPP саноат ускуналари, автоматик бошқарув тизимлари ва электр қурилмаларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи ҳисобланади.
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, THE ELITE INVESTMENT GROUP 2024 йилнинг март-май ойлари орасида GUCLU GLOBAL компаниясидан юк агенти сифатида фойдаланган ҳолда Россия компанияларига тахминан 190 минг долларлик маҳсулотлар, шу жумладан электр трансформаторлари етказиб берган.