Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (17-қисм)
— Нодирахон, — деди унинг ёнига ўтирган Зубайда, — ҳаммаси жойида. Хотиржам бўлинг. Биз сизни яхши кўрамиз.
— Хўп, — деди Нодира ва ўрнидан туриб эшик томонга кета бошлади.
Зубайданинг унга ҳаваси келди. «Тоза. Қалби-ю ўзи тоза. Макр нималигини билмайди. Билсаям оз билади. Оз билгани яхши. Бахтли бўлади. Менга, менинг атрофимдагиларга ўхшаб кўп билганида эди. Ҳаётга мутлақо қизиқиши қолмасди. Ҳатто манави бола… Ҳали борми-йўқми, номаълум. Аммо шу ҳам макр учун керакдай», дея кўнглидан ўтказди у.
— Ҳа, хоним, нега ўйланиб қолдингиз? — дея сўради ундан Достон.
— Нодира зўр қиз-да… Майли, ҳозир мен ҳайдовчига қўнғироқ қилай. Тезлик билан уни уйига олиб бориб қўйсин, — деб Зубайда ўзининг иш стулига, оромкурсига ўтирди ва столнинг устида турган телефондан ҳайдовчига қисқа рақамдан қўнғироқ қилди-да, унга котибани — Нодирани уйига олиб бориб қўйишни тайинлади.
Сўнг эри унга деди:
— Сен учун ҳам иш тугади. Кетдик. Ҳозир дўхтирга олиб бораман. Бир текшириб кўрсин. Бу ерга чақирсам ҳам бўларди…
— Лекин бу ерда асбоблари йўқ, — деб Зубайда эридан олдин унинг гапларини давом эттирди.
— Ҳозир мен йигитларга машинангни олиб кетишларини айтаман. Бориб, кечгача худди бирор жойга тегмагандай, яп-янгидай қилишсин…
— Шошманг, хўжайин. Кечирасиз, адаси. Бугундан бошлаб сиз адасисиз.
— Зўр эшитиларкан.
— Менга айтишга ҳозирча қандайдир бошқача. Лекин ҳечқиси йўқ: кўникиб кетаман. Аммо битта шарти бор.
— Нима экан?
— Бировларнинг олдида, ҳатто ойижон билан адажонларнинг олдиларида ҳам илгаригидай «Достон ака» деявераман.
— Нега?
— Чунки адаси деган гапни қизғанаман. У фақат иккимизники. Шунинг учун қачонки ёлғиз қолсак, адаси дейман.
— Ихтиёринг.
— Кейин яна бир гап.
— Хўш?
— Машинани тузатишга анави Талъат олиб борсин.
— Аммо у зўр усталарни билмайди-да.
— Билмаса, айтасиз. Ҳозирданоқ у менинг ишларимни бажаришга киришсин. Ҳозирданоқ кимларга дуч келганини ҳис этсин. Ҳис эттиринг.
— Гапингда жон бор.
Достон йигитларга қўнғироқ қилиб, ходимни бу ёққа чақиришни буюрди.
Албатта, Талъат кетмаганди. Зубайданинг машинаси ёнида хаёли бузилган бўйи турганди. «Ахир аёлларнинг гапларига ишониб бўладими? У: «Ишга оламан, менда ишлайсан», деди. Аммо ичкарига кирганидан кейин айниган бўлса-чи? Эрига бўлмаган гапларни айтиб, «бўлди» деган бўлса-чи? Кейин нима қиламан?» деб турганида, уни чақиришаётганларини айтишди. Талъатнинг ичидан зил кетди. Кейин: «Майли, нима бўлса бўлар, ўлдириб юборишмайди-ку, узоғи билан ишдан ҳайдаттириб юборишар», дея кўнглидан ўтказди…
У рухсат текканидан кейин эшикни очди. Жуда секин тақиллатди. Эшитишмаган бўлса керак, яна тақиллатсамми эшикни, деб турганди. Бироқ ичкаридан аёл кишининг «киринг», деган овози эшитилди.
Достон унга гапиришдан олдин бошдан-оёқ қараб чиқди. Сўнг:
— Борасан, кийимларингни алмаштирасан, машинани тузаттирасан. Кейин айтилган жойга етиб келасан. Қаерга олиб боришингни йигитларнинг ўзлари айтишади. Тушундингми? — деди.
— Ҳа. Лекин кўчада машина қолган. Агар олиб бориб топширмасам…
— Рация орқали айт. Ўзлари келиб, олиб кетишсин. Бор энди. Қолган гапларнинг ҳаммасини кеннойингнинг ўзи ҳал қилади. Чунки сенга менинг хотиним хўжайин!..
Достон «хотиним», деган сўзга алоҳида урғу бериб айтди. Билиб қўй, қанчалик катта масъулиятни бўйнингга юклаяпман, демоқчи бўлди.
Ходим кетди.
— Гап йўқ, — деди эрига Зубайда, — мана, энди раҳбарга ўхшадингиз. Мана, энди салобатингиздан мен ҳам қўрқдим. Ҳар доим шундай бўлинг, жоним!
Зубайда, одатдагидай, уни ўпич билан тақдирлади. Сўнг:
— Миямга ғалати ўй келди, — деди.
— Ёмон бўлмаса керак.
— Ёмон нарсаларни ўйламайман. Ёмон нарсалар келмайди хаёлимга. Уйланмаган бола экан.
— Хўш?
— Битта савоб ишни қилсак.
— Қанақа экан?
— Нодира ҳам эрга тегмаган. Иккаласини шундай қовуштириб қўйсак. Ана ундан кейин роса хизматимизни қилишарди. Нодира бундан бу ёғига «ўл» десак, ўлади, «тур» десак, туради. Талъатни ҳам шу аҳволга солиб қўйсак, итимиздай вафодор бўларди.
— Гап йўқ. Фақат бугунмас.
— Албатта. Сиз рози бўлинг, адажониси. Бу ёғини ўзим келиштириб ташлайман.
Достон эриди. «Хўп», дея хотинининг пешонасидан ўпиб қўйди. Камига сочларини силади. Сўнг:
— Унда Талъатнинг хўжайинларига битта қўнғироқ қилиб қўяйин, яна чалкашиб, кайфиятини бузиб юришмасин, — деб телефонидан рақам терди.
У ёқдаги одам шу заҳоти уланди. Салом берди яна бир марта. «Нима хизмат бор?» деди хушомад билан.
— Сизда ажойиб бир йигит бор экан. Яхши ходим. Шуни биз ўзимизга ҳайдовчи қилиб олсак. Боя кеннойингизни «ёзаман», деб қўрқитган бола-чи, ўша…
— Яна нима бало қилди у? — деб сўради у ёқдаги одам.
— Ҳеч нарса. Қайтага, яхши бола экан. Шунинг учун ўзимизга ҳайдовчи қилиб олсак, демоқчиман…
— Рози бўлган, — дея шивирлаб шу заҳоти эрига гап ўргатди Зубайда.
— Ўзидан сўрадик, ўзи рози, — деб гапини давом эттирди Достон.
— Албатта. Агар менга айтганингизда ҳам, ҳамма ишимни йиғиштириб қўярдим.
— Раҳмат. Лекин сиз бўлмайсиз. Биринчидан, ёшингиз катта. Иккинчидан, қорнингиз бор. Қоринли эркакларни хотиним ёмон кўради.
Достон билан гаплашаётган одамнинг сохта кулгиси эшитилди.
— Шунинг учун, мана, менинг ўзим ҳам ўлиб юрибман ҳар куни диета қилиб. Бунинг устига, спорт залга қатнайман. Хуллас, осонмас.
— Бўлди, тушундим. Ҳозир айтаман, хизматингизда бўлади.
— Мен уни ишдан бўшатинг, демоқчийдим.
— Бир оғиз гапингиз. Лекин агар менда рўйхатда турса, назорат қилишимиз осон бўлади-да.
Зубайда бу гапларни эшитиши билан эрининг қўлига туртди-да, бош чайқади. Сўнг қисқагина қилиб «йўқ», деди паст овозда.
— Келинг, юз фоиз ўзимизда бўла қолсин, — деди Достон хотинига бошини қимирлатиб, «хўп», дегандай.
— Гап йўқ. Келиб аризасини ёзиб кетади.
— Келишдик.
Достон телефонни ўчириб, хотинига қаради-да:
— Қалай? — деди.
— Супер! Гап бўлиши мумкин эмас. Энди бизни зудлик билан касалхонага олиб боринг. Ичим қизиб, ёниб кетяпти. Ҳали ойижонимдан суюнчи олишим керак. Ойижон қанчалик кутаётганлигини биласизми? Мандан ҳам кўп. Кетдик!..
— Кетдик.
Бирдан учта қоп-қора «мерс» жойидан қимирлади. Кетиш худди давлат раҳбарлариникига ўхшарди. Кетиш кибр билан лиммо-лим эди. Достон ғўдайди, кеккайди. Ахир йўлдаги бошқа машиналарнинг ҳайдовчилари шошиб қолишган, улар мумкин қадар ўзларини четроққа олишга ҳаракат қилишар эди. Буни кўриб, Достоннинг завқи келарди…
Зубайда эса сергак тортди. Тўғри, бошида у ҳам роҳатланди. Аммо кейин бирдан эҳтиёткорлиги эсига тушиб қолди. Ахир он ҳазратлари бунақа юрганларни ёқтирмаслигини эшитган эди.
— Адажониси, — деди Зубайда эрининг қўлини қучиб, — анави иккита машинага жавоб бериб юборинг.
— Нега? — дея сўради Достон ҳайрон бўлиб.
— Ваҳиманинг кераги йўқ. Бир-иккита оғзига кучи етмаганлар сизнинг бунақа кетишингизни дарров он ҳазратларига етказиши мумкин. Уни биласиз қандай одамлигини.
Достон хотинини қучди. Сўнг:
— Бир кун келиб, албатта, шунақа юрамиз, — деди ҳамда ҳайдовчининг ёнида ўтирган қўриқчисига нима қилиш кераклигини буюрди.
Энг замонавий клиникага боришди. У ердагиларга қўриқчилар қўнғироқ қилиб, ким бораётганлиги хабарини етказиб қўйишган эди. Шу боис дўхтирлар уларни кўчада кутиб олишди.
Иккита ҳамшира аёл дарров Зубайдани қўлтиқлаб олмоқчи бўлди. Аммо Зубайда кўнмади. «Ўзим юриб бора оламан», деди.
Ҳа, у ҳомиладор экан. УЗИда шундай дейишди. Кейин касалхонада байрам бўлиб кетди. Кимлардир қаерлардандир қучоқ-қучоқ гул кўтариб келишди. Шарлар олиб келишди.
— Ростини айтсам, — деди Зубайда, — бошим айланиб кетди. Достон ака, мен бахтлиман! Бақиргим келяпти!..
— Мен ҳам сакрагим келяпти. Уйга борамиз, ҳозир мен қўнғироқ қилиб…
— Йўқ, йўқ. Ундай қилманг, дозаси тушиб кетади. Сюрприз қилиб борамиз. Уларнинг ҳаяжонларини кўрамиз.
— Учдик!..
Улар кетишларидан олдин врач Зубайдага ҳомиладорлик даврида нима қилиш керак, нима мумкинмаслигини яхшилаб тайинлади. Кейин участка дўхтирини ҳозироқ огоҳлантиришини айтди.
У ҳам хурсанд эди. Чунки суюнчи зўр бўлди-да. Достон яна ҳотамтойлик қилиб юборди. Кейин Зубайда унинг қулоғига шипшиди:
— Бошқа одамларга пул берманг! Ошиб кетди. Тўхтатинг!..
Улар уйга келиб хушхабарни айтганларидан кейин байрам бошланиб кетди. Қайнона-қайнота довдираб қолди. Санобар ҳатто кўз ёш тўкди. Сўнг ресторанга қўнғироқ қилинди. Официантлар югуриб келишди. Ахир шундай хонадон чорлайди-ю, улар югуришмайдими? Тўрттаси келди. Ўзлари билан бирга энг ноёб таомларни олиб келишди. Кейин битта отарчи ҳам чақирилди. Кўзга кўринган отарчи. Эркак отарчи. Телевизорда кам кўриниб, асосан, тўйларда юрадиган отарчи. Ёши анча катта отарчи. Лекин доим ўзига оро бериб юрадиган отарчи. Чегарачилар кўзларини юмиб, узоқдан танийдиган отарчи. Ҳар ойда, албатта, ёшгинаси билан хорижга бориб келадиган отарчи. Тўйларга қиммат нархда борадиган отарчи. Унвонли отарчи!..
Сўнг бирдан Санобарнинг калласи ишлаб қолди. «Шошманглар, — деди у. — Буларнинг бари тўйдан олдин ноғора чалиш-ку. Шовқин-суронни кўчага эшиттирмайлик. Бола омон-эсон туғилсин, уни кўрайлик, ана ундан сўнг байрамни қанча катта қилсак, шунча ярашади», деди у.
Унинг сўзларини отарчи ҳам, ресторан хизматчилари ҳам эшитди. Уларнинг шашти сусайди, аммо барибир хизматларини қилишди…
Байрам узоқ давом этмади. Чунки унинг сабабчилари кун бўйи ишлаб, роса чарчашган эди. Шу боис дарров хоналарига кириб кетишди. Ташқарида Алим чол билан отарчи ёлғиз қолди. Отарчи жуда катта давраларни кўрган одам эди. Қаерда нима дейишни, одамларнинг кўнглини қандай олишни жуда яхши биларди. Шу боис майда-майда қилиб гап бериб ўтирди.
Ичкарига кирган келин-куёв эса анча вақтгача ухлай олишмади. Достон ёш боладай эди. Ҳаяжондан ётолмас, гоҳ дераза ёнига борар, гоҳ тошойна қаршисида туриб, ўзига ўзи термиларди.
Зубайда очиқ-ошкора унинг устидан куларди. Ваҳоланки, унинг биринчи марта ҳомиладор бўлиши. Шундай бўлса-да, негадир ҳаяжон йўқ эди. Негадир эрининг бу қилиғи жудаям бачкана туйилаётганди унга. Негадир ўзини кайвонилардай тутарди. Айни чоғда хаёли кейинги режалар билан банд эди. Уни кўпроқ Мария Николаевна билан учрашиш қизиқтираётганди. Кейин Саъдулла ҳам. Ахир эртароқ отасини амал пиллапояларидан юқорига кўтариши керак. Ана шунда унинг ҳурмати янада ошади. Кимсан, Фалончи Пистончиевнинг қизи дейишади. Бир томондан бойлик, иккинчи томондан амал уни кўтариб турса, узоққа боради… Албатта, бунинг учун Саъдулла керак.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)