Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (18-қисм)
Саъдулла унинг ҳомиладорлигини эшитиб, бироз хафа бўлгандай туйилди. Балки, Зубайдага шундай кўрингандир. Афтидан, унинг хотинидан унчалик ҳам кўнгли тўлмаётганга ўхшайди. Аксинча бўлганида, уйига шошарди. У билан яқин муносабатга киришмасди. Аслини олганда, буларнинг бари бир гўр. Бошқаси бўлса бўлди, чиройига ҳам унчалик эътибор бериб ўтиришмайди. Ишрат қилиб олишса бўлди…
— Зубайда, — деди ҳали-ҳамон ўзи билан ўзи овора бўлиб, у ёқдан бу ёққа бориб келаётган Достон, — қиз бўлармикан ёки ўғил?
— Ўзингиз нима дейсиз?
— Менимча, ўғил бўлса керак.
— Қаёқдан олдингиз бу гапни?
— Билмадим, ҳар қалай, шундай деб ўйлаяпман.
— Менга қизалоқ кўпроқ керак. Ўғил қиз боладай суҳбатдош бўлолмайди. Ундан кейин қиз бола кўпроқ адасиники бўлади. Адасига тортади. Шунисини эшитмаганмисиз?
— Очиғини айтганда, илгари сира қизиқмагандим.
— Мен бошқа нарсага ҳайрон бўлаяпман.
— Нимага? — деди Достон хотинининг ёнига келиб.
— Хаёлимда Саъдулла ака ўзини ғалати тутгандай. Бизнинг янгилигимиз у кишини хурсанд қилмагандай…
— Йўқ. Сенга шундай туйилгандир. У менинг қадрдоним. Хурсанд бўлган. Биз бир тану бир жонмиз!
Зубайда ичида кулди. «Биламан қанчалик бир тану бир жон эканликларингни. У аллақачон сенга хиёнат қилиб бўлди. Мен ҳам. Саъдулла: «Бола нега меники эмас? Балки, текшириш керакдир. Болага менинг дахлим бордир», деган хаёлга борган бўлса керак», дея кўнглидан ўтказди у.
— Майли-ку-я. Аммо хотини билан ораси яхшими?
— Билмадим. Салгина бузилган бўлса ҳам керак. Аммо у акасидан кўпроқ норози. Акаси умуман босар-тусарини билмай қолди.
— Нега?
— Мен оз биламан. Аммо жуда қалтис нарсаларга аралашибди.
— Ҳимм, — деди Зубайда ва кўзларини юмди. «Демак, ҳали вақти эмас. Демак, бироз кутиш керак. Бундай пайтда юқорига яқинлашиб бўлмайди», дея кўнглидан ўтказди у.
Тонг отгач, яна одатдагидай кун бошланди. Кеча ҳеч қандай воқеа юз бермагандай эди гўё. Ҳамма аввал ишга қанчалик шошган бўлса, шунчалик шошиб жўнади. Фақат Алим чол уйидан чиқмади. Хотинининг сўзларига қараганда, бироз мазаси бўлмабди. Совуқ сув ичиб қўйибди, шекилли, иситмаси кўтарилибди.
Зубайда билан Достон эса бирга ишга кетишди. Сабаби, Зубайданинг машинаси бузилган эди.
— Анави режани қилиш керак, — деди йўлда Зубайда эрига.
Достоннинг эсидан чиққан экан, шу боис савол назари билан хотинига қаради.
— Нодира билан Талъат масаласи. Агар биз уларни қовуштириб қўйсак, ҳар иккиси ҳам қўлимизда бўлади. Катта майдонга чиқаяпмиз, бунақа пайтда, албатта, ёнимизда ёрдамчилар бўлиши шарт. Нодира энди қулдай хизмат қилади. Ахир икки юз минг доллар озмунча пул эмас. Боя эрталаб шу ҳақда ўйладим. Сал шошибмиз, дедим. Қувонганимиздан бериб юборибмиз. Майли, кетган нарса кетди, — деди Зубайда.
— Бир кунда ундан ўн баробар кўп топаяпмиз. Озгина чиқим қилсак, ҳеч нарса эмас. Аммо менга Талъат деганинг ёқмай турибди. Чунки унинг ишлаб юрган жойи… У ерда қулоқлар ҳам бўлишади.
— Қизиқмисиз, Достон ака? Керак бўлса, у биз учун қулоқлик қилади. Агар, ҳақиқатан ҳам, қулоқ бўлса.
— Бўпти. Лекин талтайиб кетишмасин.
— У ёғини ўзимга қўйиб бераверинг.
Зубайдани чиройли кийинган, ўзига ўзгача оро берган Нодира табассум билан кутиб олди.
— Ана бу бошқача бўлибди. Очиғи, ҳавасим келаяпти, — деди Зубайда уни кўриши билан.
— Ҳаммаси сизнинг хизматингиз, опа…
— Вой, вой, вой! Бу қизнинг гапирган гапларига қаранг. Опа эмиш. Ҳеч қанақа опа эмас, биз ўртоқмиз, тамом-вассалом. Ҳатто сен деб чақиришингизга ҳам розиман. Аммо опа десангиз, ишдан бўшатиб юбораман, — деди Зубайда ҳазиллашиб.
— Хўп бўлади. Сиз нима десангиз, шу.
— Хонамга киринг. Шу ерда ўтириб бир ғийбатлашамиз, — деб хонаси томонга юрди Зубайда. Эшик ёнига борганида эса тўхтаб, ортига ўгирилди-да: — Қаҳвахўрлик ҳам қиламиз, — дея кўзини қисиб қўйди.
Нодира ўзида йўқ хурсанд эди. У тезда бошлиқнинг айтганини бажаришга киришди. Қаҳва дамлади, сўнг худди учрашувга чиқаётган қиздай кўзгуга қараб қўйди.
У кирганида, Зубайда компьютерини очган ва ундаги рақамларга термилиб ўтирарди.
— Келинг, — деди у Нодиранинг кирганини сезиши билан.
Нодира финжонлардан бирини Зубайданинг олдига қўйди, иккинчисини қўлида тутиб турди.
— Нега тик турибсиз? Ўтиринг. Ғийбатлашамиз, дедим-ку, — дея жилмайиб унга қараб қўйди Зубайда.
— Хўп, — деб Нодира Зубайданинг қаршисига омонатгина ўтирди.
— Энди гапиринг, — деди Зубайда компьютердан кўзини узиб, — кеча нималар бўлди?
— Ростини айтганда, — дея ерга қаради Нодира, — жуда ноқулай аҳволга тушдим. Ҳалигача олган пулларимни худди олмагандайман. Тўғрироғи, сира ишонгим келмаяпти.
— Олдингиз, олдингиз, мен гувоҳман. Кейин нима бўлди?
— Уйга боргунимча «ойимга қандай айтаман?» деб ўйладим. Ойим ишонмайдилар. Қандай ишонтираман? Аммо бунча пулни мен бирор жойдан топиб олишим ёки бирор жойни ўмаришим ҳам мумкин эмас-да. Ишқилиб, роса бошим қотди. Ҳатто, ишонасизми, уйга қандай етиб борганимизни ҳам билмай қолибман… Юрагим ўйнаб уйга кирдим. Хайрият, бахтимга, уйда ойим йўқ эканлар. Дўконга чиқиб кетган эканлар. Бир ҳисобдан, шуниси ҳам жуда яхши бўлди. Ўзимга келиб олдим. Пулларни яшириб қўйдим. Аслида, яширадиган жойнинг ҳам ўзи йўқ бизнинг уйимизда.
— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Зубайда.
— Чунки биттагина шкафимиздан бошқа мебель йўқ-да.
— А! Ётоқ-чи?
— Кўрпачани икки қават қилиб ёзамиз. Кейин ҳар иккимизнинг биттадан ёпинадиган кўрпамиз бор.
— Йўғ-э?!
Нодира лабини тишлаб, нигоҳини ерга тикди. Сўнг «ҳа», дегандай бошини ирғади.
— Нега айтмагансиз? — деди унга чин кўнгилдан ачинган Зубайда.
— Билмадим. Биз шунга кўникиб қолганмиз-да.
— Хўш, кейин-чи, кейин нима бўлди?
— Ойим келдилар. Мен нима деяримни билмай, анча вақт жим ўтирдим. Ойим ҳайрон. Кейин: «Нима бўлди сенга? Кўзларинг қизарган, юзинг оқарган…» дедилар. «Йўқ, ўзим шундай, мен жуда яхшиман», дейишим билан кўзимдан ёш чиқиб кетди. Тўхтатишга қанчалик уринмайин, сира эплолмадим. «Гапир! — дедилар ойим бақириб. — Нима гап?!» Ойимнинг бақирганларидан қўрқиб кетдим. Яна йиғлай бошладим. Ойимнинг баттар жаҳллари чиқди. «Кўзингдан сувингни оқизмай гапир, ер ютгур! Нима балони бошлаб келдинг менинг бошимга?!» дедилар. «Ҳеч… ҳеч нарсани. Мен…» «Бўлмаса, гўрингга йиғлаяпсанми?.. Биров урдими, сўкдими ё қўрқитдими, нима бўлди?!» «Пул…» дедим мен. «Қанақанги пул? Пулингни олдириб қўйдингми?! Қаерда олдирдинг? Лаллайиб юравердингми?!» дея уришдилар. «Йўқ. Мен ҳалиги… Пул олиб келдим», дедим. Ойижоним бирдан гапиришдан тўхтадилар. Менга тикилдилар. Сўнг: «Қандай пул? Ҳали маош олишингга эрта-ку. Ёки мукофот беришдими?» деб сўраб қолдилар. Ана шу гаплари менга далда бўлди. «Ҳа, мукофот», дедим. Сўнг бўлган воқеаларнинг ҳаммасини бирма-бир гапириб бердим. Ундан кейин ойижонимнинг мазаси қочиб қолди…
Зубайда кулиб юборди. Сўнг яна диққат билан Нодиранинг гапларини эшитишга тушди.
— Югуриб бориб сув олиб келдим. Ичирдим. Юзларини ювиб қўйдим. Лекин сира ўзига келмайдилар. Рости, қўрқдим. Ойимга бир нарса бўлиб қолса-чи, деб ўйладим. Аммо бироздан кейин ойим: «Қанча?» деб суммани қайта сўрадилар. «Кўпмас, ойижон, бор-йўғи икки юз минг. Ўзимизнинг сўмни хаёл қилинг, ўзимизнинг сўмни. Шунда ҳаяжон босмайди», дедим… Ойим сал ўзига келдилар. Сўнг: «Олиб бориб бер, ҳазиллашиб берган бўлишлари ҳам мумкин. Чунки бунча катта мукофот бўлмайди», дедилар. Кейин мен чет элдаги артистларнинг оладиган мукофотларини эсларига солдим. «Биздаям шундай бўлиши керак. Аста-секин бошланаяпти», дедим. Аммо ойижоним йиғлашга тушдилар…
— Бўлди, ўртоқ, — деди Зубайда қолганини эшитишга чидай олмай, — яхшиси, бундай қиламиз. Менежер қаерда? Неъмат қаерда?
— Омборхонада. Эрталаб келиб, шу ёққа бораётганини айтганди, — деб жавоб қилди Нодира.
— Дарров бу ёққа чақиринг. Шамолдай учиб келсин. Унга иш бор. Энди қаҳвангиз совиб қолмасидан қабулхонада ичиб олинг…
Нодира чиққанидан сўнг, Зубайда пешонасини силади. «Эҳ! Булар икки юз минг қўлларига текканига ақлдан озай деб туришибди. Мен-чи? Менинг қанча пулим бор? Жудаям кўп. Лекин мен ақлдан озмаяпман. Бунақа нарсалар учун ақлдан озиш давридан анча аввал ўтиб кетганман. Аммо мениям ақлимни оладиган нарса борми? Борми ўшандай нарса? Етиб бўлмайдиган орзуларим… Агар улар амалга ошиб қолса… Нима ўзи у? Масалан… Масалан, мен ўзим Мария Николаевнанинг ўрнида бўлиб қолсам. Кутилмаганда, тасодифан… Бирданига… Йўқ, унақаси бўлмайди. Чунки Достон ҳеч қачон, агар қайта туғилса ҳам, он ҳазратларининг ўрнини босадиган одам бўлолмайди. Мен бўлсам, Мария Николаевнани… Керак бўлса, ундан ҳам ўтиб кетаман… Ўзимга ишонаман!..»
Шундай хаёллар оғушида Зубайда талай муддат бир нуқтага тикилиб қолди. Кейин унинг кўнгли айниди. Ўқчиди. Ахлат челакка эгилиб, ичидаги борини чиқариб ташламоқчи бўлди. Аммо ҳеч нима чиқмади. Албатта, унинг овозини эшитган Нодира югуриб кирди. Пешонасидан ушлади. «Балки, дўхтир чақирармиз», деди. Аммо Зубайда кўнмади. «Керакмас. Шуниси яхши. Ўзимнинг ҳомиладорлигимни билиб, ҳис этиб турайин», деди… Кейин бирдан унинг шўр бодринг егиси келди. Одатда, келинлар эрларига эркалик қилишади. Нозланишади. «Олиб келинг», дейишади. Аммо Зубайда эрига қўнғироқ қилмади. Дардини Нодирага айтди. Сумкачасидан пул чиқариб, Нодирага узатди. «Тез супермаркетга бориб, шўр бодринг олиб келинг», деди. Нодира:
— Келинг, шуни мен олиб келай. Мен ҳам нимагадир сарфлайин. Маза қилайин. Бунинг гашти бошқача-да, — деди.
— Ўртоқ, бирам ширинсиз! Мен сизнинг ўрнингизда бўлиб қолгим келаяпти, — дея жилмайиб боқди Зубайда.
Кейин Нодиранинг «бирам ширин»лигини кўз олдига келтириб, «Нега ширин бу қиз?» деб ўйлади. «Агар унинг ўрнида Достон бўлганида, у ҳозир Нодира туйган туйғуни туя олармиди?» дея ўзига савол берди. «Йўқ, — деди кейин ўзига ўзи. — У супермаркетга югурмайди. Шиша идишга ёпилган шўр бодрингнинг қайси яхши эканлигини билмайди. Раста ёнида узоқ муддат қадоққа термилиб турмайди. У шунчаки югурдакларига буюради. Югурдаклари у истаган нарсанинг энг зўрини келтириб беришади. Бундан одам ҳеч қанақа завқ ололмайди. Унинг ўзи ҳам, одамлари орқали келтирганини билган мен ҳам. Нодира эса ҳозир нима қилади? Кўзлари чақнайди қизгинанинг. Хурсандчилик билан, орзу-ҳавас билан расталар орасида юради у. Унга осон. Чунки унинг ўзи бозорлик қилиб юрган қиз-да. Аслида, бозордан харид қилади. Лекин айрим нарсалар учун супермаркетга кириб туради… Аслида, ўзим борганим яхшимиди? Йўқ, йўқ. Ўзим борганимда бўлмасди. Чунки мен Нодиранинг завқини кесиб қўярдим…»
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)