Бош Қомусимиз фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари мустаҳкамланишига хизмат қилади
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги ҳамда 10 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ўтказилди.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда Экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, соҳа вакиллари, вазирлик марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг тадбирни очиб берган Жусипбек Казбеков ватанпарварлик туйғусини шакллантирувчи давлат рамзлари ҳамда Бош қомусимизнинг халқчиллиги ҳақида сўз юритди. Шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жамиятимизнинг келгусидаги ривожи ва равнақининг устувор йўналишларини белгилаб бергани билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.
Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги экологик партия фракцияси аъзолари Наврўзбек Юсупов ва Бахтиёр Пўлатов томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг конституциявий асослари, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаши, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишига доир конституциявий норманинг белгиланиши бугунги кун давр талаби эканлиги қайд этилди.
Тадбир давомида ходимларнинг янги таҳрирдаги Конституция бўйича саводхонлигини оширишга қаратилган видеороликлар намойиш этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясида бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилганлиги таъкидланди.
Маълумот учун, янги таҳрирдаги Конституцияда тегишли моддалар орқали ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурлиги, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб берилган.