Маҳаллий фармацевтика корхоналарига берилган божхона имтиёзлари муддати яна 3 йилга узайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни “Tashkent Pharma Park” инновацион кластерида фармацевтика соҳасидаги корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилди.
Мулоқотда давлат раҳбари қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:
Асака банк ва Фармацевтика агентлига йирик маҳаллий корхоналар билан бирга 2025 йилда кенг истеъмол қилинадиган 200 турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш бўйича дастур тайёрлаш топширилди. Бундай лойиҳаларга хориждан жалб қилинган 400 млн доллар қулай шартларда йўналтирилади.
Илғор лойиҳалар инвестиция жамғармаси ташкил қилинади. Бу жамғарма биофармацевтика, ҳужайра технологиялари, онкология каби йўналишлардаги лойиҳаларга улуш билан киради, уларга катализатор бўлади.
Соҳани ривожлантириш учун очилган 100 млн долларлик кредит линияси лизинг учун ҳам берилади.
Фармацевтика соҳасида янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 10 млн долларлик венчур компания очилади.
Янги ишланмалар учун 20 млрд сўм грант ажратилади. Бу олимлар яратаётган янги маҳаллий дори ишланмаларини тижорат лойиҳасига айлантириш ва стартаплар учун йўналтирилади.
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига 2025 йил 1 январгача берилган божхона имтиёзлари муддати яна 3 йилга узайтирилади.