Ҳужжатсиз ишлаётган мигрантлар 2025 йил 30 апрелгача Россияни тарк этиши керак
Россия қонунларига амал қилмай фаолият юритаётган муҳожирлар ишлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириши ёхуд 2025 йил 30 апрелгача мамлакатдан чиқиб кетиши шарт. Владимир Путин миграция қоидаларини кучайтириш кўзда тутилган бир қатор қонунларни имзолади.
Ҳужжатлардан бири назорат остидаги шахслар реестри орқали мигрантларни рўйхатга олиш механизмини назарда тутади. Ушбу чора Россия Федерациясида қонуний асосларсиз бўлиб турган хорижий давлатларнинг фуқароларига, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланади. Рейестрга хорижликлар чегарани ноқонуний кесиб ўтган, виза ёки яшаш учун берилган рухсатномаси бекор қилинган кундан бошлаб киритилади.
Тегишли фармон Ҳуқуқий ҳужжатлар расмий порталида эълон қилинган. Унда келтирилишича, ҳарбий хизматни ўташ учун Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган муҳожирлар депортация қилинмайди.
Патентни расмийлаштириш учун қуйидагилар зарур:
– паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат ва унинг рус тилидаги нотариал тасдиқланган таржимаси;
– рус тилини билиш, Россия тарихи ва қонунчилиги асослари тўғрисидаги ҳужжат;
– ихтиёрий тиббий суғурта полиси ёки пулли тиббий хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома;
– ОИВ инфекцияси йўқлиги тўғрисидаги сертификат — 1 йил амал қилади;
– организмда гиёҳванд моддаларнинг йўқлиги тўғрисидаги хулоса — 1 йил;
– хавфли юқумли касалликлар йўқлиги тўғрисидаги тиббий хулоса — 1 йил;
– патент, ишлашга рухсатнома, вақтинча яшаш, ўқиш ёки яшаш гувоҳномасини беришни рад этиш учун асослар мавжуд эмаслиги, шунингдек, бошқа талаблар бажарилиши.
Фармонга кўра, ҳарбий хизматни ўташ учун Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган муҳожирлар депортация қилинмайди. Уларга нисбатан депортация, реадмиссия, Россияга киришга рухсат бермаслик, мамлакатда бўлишни истамаслик ва вақтинча бўлиш муддатларини қисқартириш бўйича илгари қабул қилинган қарорлар ижро этилмайди. Бу қоида Россия миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган хорижликларга нисбатан қўлланмайди.
2025 йил 5 февралдан Россияда депортациянинг миграция режими жорий этилади. Президент имзолаган қонунлардан бири Ички ишлар вазирлигига Россия Федерациясидан суд қарорисиз мигрантларни чиқариб юборишга рухсат беради. Илгари буни фақат суд ва чегара хизмати амалга ошириши мумкин эди.
Декабрь ойида аҳоли билан TV орқали анъанавий мулоқоти чоғида Путин Ички ишлар вазирлиги миграция сиёсати учун масъул бўлишда давом этишини айтган ҳамда вазирлик таркибида миграция масалалари бўйича алоҳида бўлим ташкил этишни таклиф қилганди.