Фарғонада 2 ёшли қизча энаганинг эътиборсизлиги сабаб оғир жароҳат олди
Фарғонада 2 ёшли қизча ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикастлар олгани учун энагага масъулиятсизлиги сабаб жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.
Аниқланишича, Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ғ.М. (1988 йилда туғилган аёл) Россияга ишлаш учун кетиши сабабли вояга етмаган қизи Ғ.И. (2022 йилда туғилган)ни расмий равишда ишончнома асосида М.Х. (1988 йилда туғилган аёл)нинг қарамоғига топшириб, 2024 йил август ойида жўнаб кетган. Шунингдек, она энага M.X.гa хизмат ҳаққи ва боланинг кунлик сарф-харажатлари учун пул жўнатиб турган.
2024 йил 15 ноябрь куни вояга етмаган Ғ.И. яшаш хонадонидаги зинадан тушаётган вақтда йиқилиб, оғир тан жароҳати олганига қарамай, энага аёл боланинг соғлиғини хавф остига қўйиб уни шифохонага олиб бормаган. Оқибатда болага бош мия лат ейиши ва бошқа ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикастлар ташхиси қўйилган.
2024 йил 28 декабрь куни фуқаро M.X.гa нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-қисми (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.