Польшада IKEA дўконидан миналар топилди
Польшанинг тўрт нафар аскарига 2024 йил июн ойида танкка қарши 240 та минани «йўқотганлик» учун қурол ва ўқ-дориларни нотўғри назорат қилиш айби қўйилди. Бу ҳақда Познан тумани прокуратураси вакили Лукаш Вавриняк Reuters агентлигига маълумот берди. Кейинчалик миналар IKEA омборидан топилган.
«Иш ўқ-дориларни туширишдаги эҳтиётсизлик билан боғлиқ бўлиб, аскарлар 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Гумонланувчиларнинг ҳеч бири ўз айбига иқрор бўлмади», деди Вавриняк.
2024 йил ёзида Польшанинг шимоли-ғарбий қисмидаги Шецин шаҳри яқинида аскарлар ҳарбий техника олиб кетаётган поезд юкини тушираётган эди. Бироқ, бир нечта қутиларда сақланаётган юзлаб миналар вагонда қолиб кетди. Кейинчалик, 16 июл куни улар IKEA компаниясига тегишли омбордан топилди. Шу куни қутиларни ҳарбий полиция олиб кетди.
Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ҳодисадан сўнг, «барча зарур чоралар кўрилгани», жумладан, «хавфсизлик тартиб-қоидалари» тушунтирилганини маълум қилди.
9 январ куни Миллий мудофаа вазирлиги Қуролли Кучларни таъминлаш инспекцияси бошлиғи, генерал-майор Артур Кепчински ишдан бўшатилди. Оммавий ахборот воситалари буни танкка қарши миналарнинг йўқолиши билан боғлади.