Тошкент аэропортида VIP такси хизмати жорий этилади
Транспорт вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг JETEX компанияси ўртасида фуқаро авиацияси соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳамда JETEX компанияси таъсисчиси Адел Мардини билан ўтказилган учрашувда имзоланган ушбу меморандум доирасида «Тошкент-Шарқий» аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳа амалга оширилади.
Жумладан, кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади ва VIP такси жорий этилади. Таъкидланишича, бу туризм соҳасининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда VIP мижозлар учун қулайлик яратади. Қолаверса, бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари яратилади.
JETEX компанияси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқни ташкил этган. Бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ нуқталарда, жумладан Яқин Шарқ, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Африка ва Америкада куну тун мижозларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
FBO (Fixed Base Operator) – аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс сервис хизматлари кўрсатувчи, хусусан, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилотдир.