АҚШ Россияга қарши санкцияларни кучайтириши мумкин

АҚШ Россияга қарши санкцияларни кучайтириши мумкин

АҚШ молия вазири лавозимига номзод Скотт Бессент Россияга қарши нефт бўйича санкцияларни кучайтиришга чақирди. Бу ҳақида у 16 январь куни АҚШ Сенати молия қўмитасининг эшитувларида айтиб ўтди.

 

 

 

Россия ва Украинага нисбатан сиёсат масаласини сенатор-демократ Марк Уорнер кўтарди.

 

 

 

“Мен шуни ҳис қиляпманки, биз Владимир Путинга Украинадаги тажовузкор ва даҳшатли хатти-ҳаракатлари учун муносиб жавоб бера олмаймиз”, деб шикоят қилди қонун чиқарувчи.

 

 

 

“Биз етарлича иш қилганимиз йўқ. Очиғини айтганда, санкциялар режими, менимча, керак бўлган даражада самарали бўлмади. Байден маъмурияти нефт ва танкерларга қўшимча санкцияларни жорий этишда жуда кеч қолди, деб ўйлайман”, дея қўшимча қилди Уорнер.

 

 

 

“Украинада содир бўлаётган фожиа онгли ҳаётимдаги энг катта фожиалардан биридир. Мен молия вазири этиб тайинлансам, уни тезроқ тугатишни хоҳлайман”, деб жавоб берди Бессент.

 

 

 

Унинг сўзларига кўра, яқин вақтгача АҚШнинг Россия нефт секторига қарши санкциялари жуда заиф эди, чунки Байден маъмурияти, айниқса, АҚШдаги сайлов арафасида Россиядан экспорт камайса, жаҳон бозорида ва АҚШнинг ўзида нефт нархи ошишидан хавотирда бўлган. Шу билан бирга, демократлар маҳаллий нефт ишлаб чиқаришни чекладилар, дея таъкидлади молия вазири лавозимига номзод. Унинг ишонч билдиришича, АҚШда қазиб олиш ҳажмининг ошиши Россия нефт компанияларига нисбатан санкцияларни кучайтириш имконини беради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: