Байден санкциялари Россиядан Хитойга нефть экспортини фалаж қилди
АҚШ президенти Жо Байден ҳокимиятининг сўнгги кунларида Россия Федерациясининг нефть соҳасига қарши киритилган санкциялар Россиянинг ESPO нефть нави савдосини издан чиқарди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Сўнгги санкциялар тўплами киритилгандан кейин, Тинч океанидаги Козмино портидан Хитойга жўнатиладиган ESPO рус нефти ташиш нархи беш баробарга ошди.
Охирги санкцияларгача юк ташиш тарифи 1,5 миллион доллар бўлган бўлса, ўтган ҳафта 5,5 миллион долларгача кўтарилди. Бугунги кунда эса нарх 7 миллион долларга етди.
Хитой портлари санкция остидаги танкерларни қабул қилишдан чўчимоқда. Ушбу йўналишдан фойдаланадиган кемаларнинг аксарияти чекловлар остига тушиб қолди, бу эса Россия нефти савдосини издан чиқарди.
Юзага келган вазият шу пайтгача Россиянинг ғарбидаги портлар билан ишлаб келган танкерларни ўз йўналишларини шарққа ўзгартиришга мажбур қилди. Хусусан, Legend танкери Козмино портидан нефть ташишни бошлаган сўнгги кемалардан бири бўлди.
Трейдерларнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, юк ташиш учун юқори харажатлар АҚШ санкциялари ва мураккаб логистика туфайли босим остида бўлган россиялик нефть сотувчиларнинг даромадини камайтирмоқда, қиш мавсумида минтақада кемалар етишмаслиги эса юк ортишда кейинги узилишларга олиб келиши мумкин. Агентлик суҳбатдошларидан бирининг айтишича, Америка санкциялари Россия нефтини Осиёга экспорт қилишда иштирок этган 80 та танкерни муомаладан чиқарди.