Киев Европага Озарбайжон газини таклиф қилмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский Озарбайжон газини Европага етказиб бериш учун Украина газ транспорт тизимидан фойдаланишга тайёрлигини маълум қилди. У бу таклифни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан муҳокама қилиб, агар керак бўлса, Украина транзитни таъминлашга қодир эканини таъкидлади.
2025 йилнинг 1 январида Украина «Газпром» ва «Нафтогаз» ўртасидаги транзит келишуви тугаганидан кейин ўз ҳудуди орқали Россия газининг транзитини тўхтатди. Зеленский бу воқеани «Россиянинг энг катта мағлубиятларидан бири» деб атади.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги транзитнинг тўхтатилиши Россияни Европага босим ўтказишнинг асосий дастагидан маҳрум қилганини айтди. Президент девони маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия Европа давлатларини манипуляция қилиш имкониятини йўқотганини таъкидлади.
Еврокомиссия Европа Иттифоқининг газ инфратузилмаси Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатишга дош бера оладиган даражада мослашувчан эканлигини таъкидлади. Бироқ, Словакия Бош вазири Роберт Фицо Европа Иттифоқи давлатлари учун жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.