Трамп ва муҳожирлар: АҚШ жанубий чегарасида нималар бўлмоқда?
Дональд Трамп АҚШ чегараларини хавфсизлигини ўзининг иккинчи президентлик муддатидаги асосий устуворликларидан бири қилиб олди. Инаугурация кунидаёқ у Мексика билан чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилди, у ерга 1500 нафар аскар юборди ва CBP One иловасининг фаолиятини тўхтатди. Ушбу илова муҳожирларга чегара назорат пунктлари орқали қонуний равишда жанубий чегарани кесиб ўтиш имконини берар эди.
АҚШ чегарасининг Мексика томонида кўплаб одамлар тўпланиб қолган.
Трамп қатъий қарорга келган. Ўз фармонида у мудофаа ва ички ишлар вазирларидан 90 кун ичида чегара ҳолати бўйича ҳисобот тақдим этишни талаб қилган. Агар вазият исёнлар ҳақидаги қонунни қўллашни талаб қилса, Трамп ҳарбийларнинг иштирокида кенгроқ миссияларни бошлаши мумкин, масалан, АҚШдан вақтинча яшашга рухсати йўқ бўлган шахсларни оммавий равишда депортация қилиш. Бироқ, экспертларнинг фикрича, Трамп маъмуриятининг бундай ҳар қандай ҳаракати судларда баҳс-мунозарага сабаб бўлади.
Католик ташкилоти «Умид»да миграция сиёсати билан шуғулланадиган Эме Сантилян янги президент ноқонуний иммиграцияни чеклаш мақсадларига эриша олишига ишонмайди: «Трамп одамлар АҚШга келишини тўхтатишни хоҳлайди ва иммиграция тугашини истайди. Лекин бу ҳеч қачон содир бўлмайди,» дейди у.