Лукашенко сайлов куни: «Мен ўзимни ёмон ҳис қилдим»
Беларус президенти Александр Лукашенко матбуот анжуманида Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг айбловларини рад этди. Зеленский Лукашенко уруш бошида Киевга Беларусдаги Мозйр нефтни қайта ишлаш заводига зарба беришни таклиф қилганини айтганди.
Украина президенти таъкидлашича, бу таклиф Беларус ҳудудидан Россиянинг Украинага ҳужум қилиши ва зарбалар бериши учун қасос сифатида айтилган.
Бу ҳақда Лукашенко Минскда ўтказилган матбуот анжуманида қуйидагича фикр билдирди:
«Бу гапни эшитиб, ўзимни ёмон ҳис қилдим. Мен ҳеч қачон дунёдаги энг яхши заводга ҳужум қилишни таклиф қилмаганман. Бу заводга катта маблағлар киритилган. Зеленскийга мурожаат қилиб шуни айтаман: «Нега бундай деяпсан? Ахир, ёлғон гапиряпсан!»
Шунингдек, Лукашенко, агар бундай ҳужум амалга оширилганида, Минск жавоб қайтаришга мажбур бўлган бўлишини таъкидлади:
«Натижада, урушга тортилган бўлардик. Мен бу урушни хоҳламаганман ва уни олдини олиш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим,» — деди у.
Лукашенконинг матбуот котиби Наталя Эйсмонт ҳам ушбу масалага ўз муносабатини билдирди. У Зеленскийнинг сўзларини АҚШлик подкастер Лех Фридман билан ўтказилган интервьюсидан кейин рад этиб, Минск 2022 йил февраль ойидаги воқеалар учун Киевдан узр сўрамаганини таъкидлади.
Ўзининг эттинчи президентлик муддатига қайта сайланаётган Лукашенко 2025 йилда Россия ва Украина ўртасидаги можарода бирор ечим топилишига умид билдирди. Аммо унинг сўзларига кўра, уруш амалда якунланмайди ва қарама-қаршилик давом этиши мумкин.
«Лекин туннель охирида ёруғлик кўринади,» — деди Лукашенко ва Беларус тинчлик тарафдори эканини, аммо Россиянинг позициясини ҳам инобатга олиш кераклигини қўшимча қилди.
Лукашенко АҚШнинг Россияни ён беришга мажбур қилолмаслигини таъкидлаб, можаронинг кучайиши Европага таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди.
Шу билан бирга, Владимир Путин ва Доналд Трамп ўртасидаги учрашув ўтказилиши кутилмоқда. Бу учрашув Украина можаросини муҳокама қилишда муҳим бўлиши мумкин, чунки ҳар икки лидер музокараларга тайёрлигини билдирган.
Якшанба куни Беларусда президентлик сайловлари бошланди. Маҳаллий вақт билан соат 20:00 гача давом этадиган овоз беришда Марказий сайлов комиссиясининг маълумотига кўра, муддатидан олдин овоз беришда аллақачон 41,81% сайловчи иштирок этган. Президентлик учун Александр Лукашенкодан ташқари Олег Гайдукевич, Сергей Сйренков, Александр Хижняк ва Анна Канопатская ҳам курашмоқда.