НАТО ҳарбий сирларни мудофаа саноати компаниялари билан бўлишмоқда
Шимолий Атлантика альянси мудофаа соҳасидаги корхоналарга махфий маълумотларни, жумладан НАТОга аъзо давлатлар қайси қурол-яроғ ва ҳарбий техникага муҳтож эканлигини билдирувчи маълумотларни тақдим эта бошлади, деб ёзади Bloomberg ахборот агентлиги.
Агентлик манбаларига кўра, альянснинг асосий мақсади — компанияларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга ишонтириш. Бундан ташқари, НАТО алоҳида жараён доирасида Европа Иттифоқи билан ҳам баъзи махфий маълумотларни алмаша бошлаган. Маълумки, Шимолий Атлантика альянсининг 32 аъзосидан 23 таси Европа Иттифоқига киради.
Бу маълумот алмашинуви Россиянинг Украина билан уруши фонида НАТО мудофаа салоҳиятини кучайтиришга қаратилган ҳаракатлар доирасида бошланган. Шунингдек, Дональд Трампнинг АҚШ президенти лавозимига қайтиши ҳам бу жараёнга таъсир қилмоқда. Трамп НАТО давлатларини мудофаа учун етарлича маблағ ажратмаётганликда танқид қилаётган эди.