АҚШнинг Franklin Templeton компанияси Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси активларини бошқаради
Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси ва Franklin Templeton Asset Management МЧЖ ХК ўртасида инвестиция активларини бошқариш бўйича ишончли бошқарув шартномаси имзоланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур шартнома Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва халқаро инвесторларни жалб этиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шартномага кўра, Franklin Templeton жамғармага тегишли бўлган 18 та давлат корхонаси ва тижорат банклари акцияларидан иборат инвестицион портфелни бошқариб, уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган трансформация дастурларини амалга оширади.
Мазкур трансформация дастурлари амалга оширилгандан сўнг жамғарма ҳамда унинг бошқарувидаги корхоналар ва банклар акциялари маҳаллий ва халқаро фонд биржаларига олиб чиқилади.
Бунинг учун, Franklin Templeton томонидан жамғармага тегишли давлат корхоналари ва тижорат банклари стратегияларини қайта кўриб чиқиш, уларда корпоратив бошқарув тизими, молиявий самарадорлиги, ички аудит ва рискларни бошқариш тизимини жаҳон стандартларига мослаштириш, ходимлар малакасини оширишга қаратилган трансформация дастурлари амалга оширилади.
Миллий инвестиция жамғармаси – президент қарорига асосан 2024 йилнинг 24 декабрида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, унинг капитали давлатга тегишли 18 та корхона ва тижорат банкларининг 20 фоиздан 40 фоизгача бўлган акция пакетларини ўтказиш эвазига шаклланади. Жамғарманинг ягона таъсисчиси – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Franklin Templeton Сингапурдаги Franklin Templeton Cаpital Holdings Private Limited компанияси томонидан ташкил этилган. Ушбу компания дунёдаги энг йирик профессионал активларни бошқарувчи компанияларидан бири бўлган, Америка Қўшма Штатларида 1947 йилда ташкил топган ва бугунги кунда 30 тадан ортиқ мамлакатларда фаолият юритаётган Franklin Templeton Investments, Inc. шўба корхонаси ҳисобланади.