Россиянинг чегара ҳудуди ўққа тутилди
Россия Белгород вилоятида чегарада дрон ҳужумларида 2 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги 24 соат ичида Украинанинг 44 та учувчисиз учиш аппаратини уриб туширганини билдирди. Шу билан бирга, Россиянинг Белгород чегара ҳудуди губернатори якшанба куни дрон ҳужумларида икки тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтди.
Губернатор Вячеслав Гладков ўз Телеграм-каналида чегара шарқидан тахминан 8 километр узоқликда жойлашган Малиновка қишлоғида тунда бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Куннинг кейинги қисмида эса дрон ҳужумига учраган енгил автомобилда бўлган аёл шифохонада вафот этди, яна бир фуқаро жароҳат олди, деб қўшимча қилди Гладков.
Россиянинг бошқа чегара ҳудудлари сингари, Белгород ҳам 2022 йилда Россия Украинага бостириб киргандан бери отишма ва дрон ҳужумларига дуч келмоқда.
Украина ҳам, Россия ҳам тинч аҳолини нишонга олишни рад этади. Киев ўз навбатида ҳужумлари Москванинг умумий ҳарбий саъй-ҳаракатларига путур етказиш мақсадида фақат ҳарбий ва энергетика инфратузилмасини нишонга олишга қаратилганини таъкидлайди.