Сабрлардан бахт топган аёл
Дунёда шундай инсонлар яшайдики, улар ўз ҳаёти давомида ҳалол меҳнати, қилаётган хайрли амаллари, эзгу фаолияти билан одамларнинг корига яраса яна шундай инсонлар борки, инсонларнинг қалбини обод этади. Бугунги мақоламиз қаҳрамони моҳир қўллари ила гўзал чеҳраларга жилва бериб, кўнгиллар ободлигига, аёл-қизларимизнинг бахтли табассумига сабабчи бўлиб келаётган стилист-визажист, юзга яқин шогирдлар тайёрлаган, исми жисмига монанд Лобар АБДУРАҲМОНОВАдир.
— Аввало қимматли вақтингизни ажратиб бизнинг меҳмонимиз бўлганингиз учун сизга катта раҳмат. Лобарой, келинг, газетхонларимизга ойдинлик бўлиши учун сиз билан яқиндан танишиб олсак. Қачон, қаерда, қандай оилада туғилгансиз?
— Сизларга ҳам таклифингиз учун катта раҳмат. Мен ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, 1978 йил 17 ноябрда Тошкент шаҳрида, ишчи оиласида дунёга келганман. Онажоним Дилбар аянинг ёлғизгина дилбандиман. Онам оилада беш фарзанднинг тўнғичи бўлгани учун ота-онасидан эрта етим қолган укалари ва синглиси тарбиясига масъул бўлган. Онам ўз ҳаётини жигарларининг ҳаётига алмаштирган десам муболаға қилмаган бўламан. Мен ёлғиз боласи бўлишимга қарамай, эркалатмаган. Меҳнатда катта бўлдим. Келинлар қўлида тобландим. Болалигимда рақс санъатига қизиққаним учун Насиба Мадраҳимованинг рақс гуруҳига борганман. Катта саҳналарда, концертларда иштирок этганман. Аммо улғайганимдан кейин санъат йўлидан кетишимга рухсат бермай қўйган. Болалигимдан расм чизишни ҳам яхши кўрардим. Иккита альбомни ҳар хил андазали кўйлаклар билан чизиб тўлдирганимни кўрган онам мени чеварликка ўқишга берган. Мен эса табиатан нималарнидир яратишни хоҳлардим, тикиб ўтиришга тоқатим етмасди. Чунки ниҳоятда инжиқ, талабчан бўлганим учун битта чокни керак бўлса, беш-олти марта сўкиб, қайта тиккан пайтларим бўларди. Юрагимнинг туб-тубида бу касб меники эмаслигини ҳис қилардим. Лекин буни онамга айтишга қўрқар эдим…
— Айнан нега шу соҳани танлагансиз? Сартарош, стилистликдан ҳам бошқа аёллар ишласа бўладиган касблар кўп-ку…
— Ёшлигимда онам, холам билан сартарошхонага борсам, уларнинг қайчи, тароқ ишлатишларини кўриб, кўзимга оловдек кўринарди. Ҳар бир ҳаракатига кўзимни узмай, тикилиб ўтирардим. Адашмасам, 10-11 ёшимда уйимиз бурчагига ойна, стол қўйиб, ўзимга «сартарошхона» тайёрлаб олганман. Маҳалламизнинг қизларини тўплаб келиб, сочларини чиройли қилиб кесардим, ҳар хил турмаклар қилиб қўярдим. Холамнинг ҳам сочини кўнгилдагидек кесиб қўйганимдан кейин маҳалламизнинг катта қизлари ҳам бизникига кира бошлашди. Менга бу касб жуда сирли бўлиб кўринарди. Рости, тушларимда ҳам қизларнинг сочларини ҳар хил усулда турмаклаб чиқардим. Лекин боя айтганимдек онамга айта олмасдим. Онам ҳам бунга жиддий қарамаган. Менинг чевар бўлишимни хоҳлаган, шекилли. Тақдир бўлиб 17 ёшимда турмушга чиқдим (Онамнинг мазаси бўлмай, қўрққанидан мени узатишга мажбур бўлган). Турмушнинг қаттиқ мушти бошимга тушгач, болалик орзуим — сартарошлик курсига кириб ўқидим ва ишлай бошладим. Кундан-кунга ўз устимда ишлашим кераклигини англаб, изланардим. Қўшимча ўқиш борми, бирорта манба борми топишга, ўрганишга ҳаракат қилдим. Москвага бориб олий стилист-визажистлар мактабида ҳам ўқишга муваффақ бўлдим. Бу касб мен учун шунчаки пул топиш манбаи эмас, санъатнинг бир бўлаги, десам ҳам бўлади.
— Бизга янги-янги соҳа ва касблар қатори стилист ва висажистлик касби ҳам кириб келганлиги боис бу сўзларни таржима қилиб ўтирмадим. Менимча, борича атаганимиз маъқул. Шунинг учун уларнинг бир-биридан фарқли жиҳатларига аниқлик киритиб берсангиз.
— Тўғри айтасиз. Баъзан айрим сўзларни зўрма-зўраки таржима қилишганини кўрсам, менинг ҳам энсам қотади. Стилист — услубчи бўлиб, хоҳ у кийиниш бўлсин, хоҳ соч турмаги, шахснинг ўзи кўрмаган жиҳатларини ҳам очиб, гўзал, мос, қулай ҳолат — образ яратиб беради. Визажист эса юз парваришидан тортиб, тартиб ва қоидаси билан бўянтириш деса ҳам бўлади.
— Демак, визажист юз устида ишлайди. Стилист эса мижознинг умумий образини яратади. Шундайми?
— Ҳа, албатта, шундай.
— «Гўзаллик қурбонлик талаб қилади», деган машҳур ибора бор. Технология ривожланган ҳозирги даврда бу ибора қанчалик ўзини оқлаяпти?
— Жуда ўзини оқлаяпти, дея олмайман. Минг афсуски, кўп хотин-қизларимиз (баъзан эркаклар ҳам) керак, нокерак ҳар хил укол-дори, пластик операция ва қўшма воситалардан ортиқчаси билан фойдаланишяпти. Аслида, гўзаллик қурбонлик талаб қилмайди. Аксинча, гўзаллик ақл, фаҳм-фаросат, дид талаб қилади.
— Бу касбни санъат даражасига олиб чиқиш учун кўпроқ нималарга аҳамият қаратиш керак?
— Ўз устида тинмай ишлаш, изланиш ва албатта, ўқиш керак. Яна ё бу касбни юракдан севиш, ёки пулни яхши кўриш керак. Ҳар иккиси ҳам инсонни ўз устида ишлашга ундайди ва камолот сари етаклайди.
— Кези келганда касбингизнинг ижобий ва салбий томонларига ҳам бир назар ташласак.
— Касбимизнинг ижобий томони ҳар бир мижоз катта бир санъат асари гўё. Меҳнатингдан рози бўлса, ўзинг ҳам маза қиласан. Гўёки гулдаста ясагандек завқ беради одамга. Салбий томонлари… Соҳамиз вакилларига бир оз «қора» кўз билан қарашлари дилни хира қилади. Шунақа, гуруч курмаксиз бўлмаганидек беш қўл баробар эмаслигини айрим кишилар эсидан чиқариб қўйиши ёмон.
— Эшитишимизга қараганда шу пайтгача юзга яқин шогирд чиқарибсиз. Улар сизга рақобатдош бўлиб қолишидан қўрқмайсизми?
— Ҳеч қачон. Мен ўз билимимни қанчалик кўп инсонларга етказсам, ўзим ҳам шунчалар чархланиб бораман. Рақобатдан қўрқмайман. «Устозидан ўтмаган шогирд шогирд эмас», деган гап бор. Менинг ҳам ўзимдан ўтиб кетаётган маҳоратли шогирдларим кўп. Айримлари билан бир сафда, елкама-елка ишлаймиз. Уларга шогирд, рақобатчи эмас, касбдошим деб қарайман.
— Бирор марта бу касбни танлаганингиз учун афсусланган вақтингиз бўлганми? Агар бўлган бўлса, нима сабаб?
— Балки ёлғондек бўлар, ростан лекин бирор марта афсусланмаганман. Балки мен бу касбни юрагимдан орзу қилиб эришганлигим учундир…
— Сизнингча ички гўзаллик билан ташқи гўзаллик бир-бирига қанчалик мувофиқ бўлиши керак?
— Нима демоқчилигингизни тушундим. Баъзан ташқи гўзал инсонлар (эркак, аёл) озгина ўзига, ҳуснига маҳлиё бўлишга мойил бўлиб, кибрга кетиб қоладиганлари ҳам бор. Қанчалик ташқи кўринишига аҳамият қилиб, жило бермасин, токи қалби ҳам тоза бўлмаса, унда оҳанрабо бўлмайди.. Кўп одамларни кўрасиз, юрагингиз жиз этади. «Истараси иссиқ» дейишади-ку. Ана ўшаларнинг қалби, юраги гўзал бўлади. Менимча, бу яна тарбиямизга ҳам боғлиқ.
— «Гадонинг душмани гадо бўлади», дейишади. Сизнинг соҳа ичида «чин дўстим», дея айта оладиган инсонингиз борми?
— Бор. Бу ўринда ҳам беш қўл баробар эмас. Мен ўзим ёлғиз фарзанд бўлганим учун шу соҳам орқали опа-сингил орттирдим, дўстлар орттирдим. «Ҳаётда тирик инсон идеал бўла олмайди», дейишади. Лекин менинг шундай ҳар томонлама идеал бўла оладиган ҳам опам, ҳам дугонам, ҳам синглим, сирдошим, маслаҳатгўйим, касбдошим — Дурдона деган болаликдан (рақс мактабига ҳам бирга қатнаганмиз) дўстим бор. Биз бир соҳадамиз. Аллоҳга шукр дея айта оламанки, менинг атрофимга ҳақиқий инсонларни тўплаб қўйибди. Шунинг учун қора «рақобат»ни кўрмадим. Илоҳи, бундан кейин ҳам кўрсатмасин.
— Сиз ўз қўлларингиз ва меҳнатингиз билан мўъжиза яратишга ҳаракат қиляпсиз. Ўзингиз ҳаётда асл мўъжизага дуч келганмисиз? Умуман, мўъжизаларга ишонасизми?
— Жуда ошириб мақтаб юбордингиз-ку (кулади). Аслида, ҳаётимизнинг ўзи, яралишимизнинг ўзи катта мўъжиза. Ҳар кун, ҳар лаҳза Аллоҳнинг мўъжизаларига тан бериб яшаймиз.
Бу мўъжизаларга ишонмасликнинг иложи йўқ менимча.
— Сизни ҳам қайсидир маънода ижодкор инсонлар қаторига киритиш мумкин. Ижодкор аҳли эса анча таъсирчан бўлишади. Бермоқчи бўлган навбатдаги саволим: сизни кулдириш осонми ёки йиғлатиш?
— Гапингиз тўғри. Мен таъсирчан одамман. Мени оддий нарса ҳам тез хурсанд қилиши ёки аксинча, хафа қилиши мумкин. Менимча, менга ўхшаган одамларни кулдириш ҳам, йиғлатиш ҳам осон бўлса керак.
— Одатда мижозлар ҳар хил бўлади. Улар билан боғлиқ эсингизда қолган ва сиз ҳеч унута олмайдиган воқеа борми?
— Бор… Бир аёл мижозим бўларди. Салонимизга келганда ҳаммага совға-салом олиб келар, ўзини гўзал, олижаноб қилиб танитган эди бизга.
Бир гап билан айтганда қадрдон бўлиб қолгандик. Шу аёл Дубайга қизини узатадиган бўлди-ю, мени ҳам тўйга айтиб: «Йўл кираларингизни ҳам ўзим тўлайман. Фақат меҳмон сифатида борасиз. Ҳеч қандай хизмат кўрсатмайсиз», деди. Мен хижолат бўлиб, йўл кира пулини бемалол қоплайдиган тилла тақинчоқ олиб тўёна қилдим (Яхши ҳам шу ишни қилган эканман). Дубайга борганимиздан кейин эса мен бу аёлни танимай қолдим. Гўё кимдир алмаштириб қўйгандек. Юз фоиз ниқоби очилди. Мендан ташқари яна бир боғчада ишлайдиган опа ҳам борган эди. Кейин билсак, биз меҳмон сифатида эмас, мен барча аёлларга хизмат кўрсатишим, опа эса ош-овқатга қараши керак экан. Бизга юқоридан назар солиши, хизматкордек муомала қилганларини эсласам, ҳалигача вужудимга титроқ киради. Ўшанда мижоз билан ўртада масофа сақлаш кераклигини англаб етганман. Дарвоқе, ана ўша саёҳат (агар саёҳат дейиш мумкин бўлса) жараёнида Аллоҳимнинг бандаларига меҳрибончилигини, мўъжизаларини кўрганман. Ҳаётим давомида эсимдан чиқмайдиган дарс бўлган, катта сабоқ олиб қайтганман.
— Аёлларимиз ҳамиша гўзал, дилбар, нафосатли ва хушқомат бўлиб юришлари учун нималарга эътибор қаратишлари керак? Хотин-қизларимизга чирой ва кўркамлик бахш этувчи инсон сифатида уларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?
— Аёлларимиз озгина ўзига вақт ажратишни ўргансин. Кейин тўғри келган косметологларга бориши, турли химикатли уколларга интилиши керак эмас. Кремлардан ҳам мутахассис маслаҳати билан фойдаланса яхши бўларди. Биз кўпинча тональ кремлар ишлатишга ўчмиз. Унинг салбий оқибатларини эса билмаймиз. Тез қаритиб, юзимизни сўлдириб қўйишидан хабаримиз йўқ. Шунинг учун ҳар бир нарсанинг меъёрини билиш ва яна қайтараман, мутахассис билан маслаҳатлашиш керак.
— Айтинг-чи, исми жисмига монанд лобар ва гўзал аёлимиз оилада қандай бека? Умуман олганда уй бекалигига вақт ажратиш масаласи қандай бўляпти?
— «Аёл кишининг қирқта жони бор», дейишади-ку. Иложимиз қанча? Ўша «жон»ларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз-да (кулади).
— Лобарой, бир саволни беришга боядан буён андиша қилиб, охири беришга қарор қилдим. Олдиндан узр-ку, кўпинча сартарош аёлларга салбий қарашлар бўлиб, «кўпчилигининг оиласи йўқ», дейишади… Оилангиз ҳақида гапириб беринг.
— Ҳа, гапингиз тўғри. «Битта бемаза бузоқ подани булғабди», деганларидек бизнинг орамизда ҳам касбига номуносиблари йўқ эмас. Аммо бу дегани ҳамма шу соҳа вакиллари шунақа дегани эмас. Менинг Аллоҳга шукр, оилам бор… Онамнинг соғлиғи унчалик яхши бўлмагач «Кўзимнинг тириклигида тўйингни кўриб қолай», дея 17 ёшимда турмушга узатган. Минг афсуски у оилада униб-ўсиб кетмадим. Турмуш ўртоғим ичкиликка берилиб, оилада бирор таянч нуқта қолмагач, иложсиз икки болам билан ажралишга мажбур бўлганман. Яширмайман, тунда она, уй бекаси, кундузлари эса эркакдек меҳнат қилиб болаларимни оёққа турғаздим. Лекин ёмон йўлга кириб, бировнинг оиласини бузмадим. «Яна оила қурсам, фақат ҳалол, ошкора қураман», деганман. Ортиқча ҳаракатлар, муносабатларга тоқатим ҳам, вақтим ҳам йўқ эди, аслида. Аллоҳим мени Нодира, Нурбекдек икки неъмат билан сийлаганига шукр қилиб, сабр қилиб яшадим. Биласизми, шу сабр менга нима олиб келди? Яхши бир опахоним орқали Санжар деган инсон билан танишдим. Бу инсон ҳеч қандай ортиқча гап-сўз, ҳаракатсиз шундай ёндашдики, қандай қалбимга, ҳаётимга кириб келганини билмай қолдим. Қизимни узатиш арафаси, тўй ташвишлари билан югуриб юрганимда ёнимда турди. Тўй куни ҳам барча қариндош-уруғим билан яқиндан танишиб, қадрдон бўлиб олибди. Буни қарангки, қизимни узатиб ўзимиз ҳам никоҳдан ўтдик. Яна «Келин бўламан, қайнонага хизмат қиламан», деб хаёлимга ҳам келмаганди. Ҳозир ойижоним Гулмира ая, қайнсинглим Нигорасиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Аллоҳим битта ўғлимни Суҳроббек, Исломжонлар билан, битта қизимни Робия, Фотима-Зуҳрадек гўзал қизлар билан кўпайтирди. Яхши, оилапарвар инсон билан ҳаётимни боғлагани учун, София, Мироншоҳ ва Имонадек жаннат гуллари — набиралар билан сийлагани учун Аллоҳимга беадад шукр.
— Сиз билан янги 2025 йилнинг дастлабки ойида учрашиб турибмиз. Газетамизнинг кўп сонли ўқувчиларига қандай тилакларингиз бор?
— Аввало газетангиз ижодкорларига ҳозирги техника даврида ўқувчиларни матонат билан ушлаб турганинглар учун катта раҳмат. Сизларга баракали ижод, газетхонларимизга эса соғлиқ-саломатлик ва ҳамиша гўзал бўлиб юришларини тилайман.
— Самимий ва қизиқарли суҳбат учун «Ҳордиқ плюс» газетаси мухлислари ва таҳририят номидан биз ҳам сизга кўпдан-кўп раҳмат айтиб, келгуси ишларингизда янада ривож, ўзингиз ва оила аъзоларингизга сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Севдора ЛАТИПОВА
суҳбатлашди.