Фаластинликлар муқобил ватанни қабул қилмайди

Фаластинликлар муқобил ватанни қабул қилмайди

Фаластин Бошқаруви раислиги Исроилнинг босиб олинган Ғарбий қирғоққа ҳужумларини қаттиқ қоралади ва фаластинликлар ҳеч қачон кўчириш режаларини ёки «муқобил ватан»ни қабул қилмаслигини таъкидлади.

Матбуот котиби Набил Абу Рудейн баёнотида шундай деди: «Босқинчи ҳокимият органлари фуқароларни кўчириш ва этник тозалашни амалга оширишга қаратилган режаларини рўёбга чиқариш учун Ғарбий қирғоқдаги Фаластин халқига қарши кенг кўламли урушни янада кучайтирмоқда».

«Ғарбий қирғоқда босқинчи кучлар олиб бораётган бу тажовузкор сиёсат 29 нафар фуқаронинг жонига зомин бўлди, юзлаб одамлар ярадор бўлди ва қамоққа олинди. Бунинг устига, Женин ва Тулкарем қочқинлар лагерларидаги бутун турар-жой мавзелари вайрон қилинди, минглаб фуқаролар ўз уйларидан кўчирилди ва инфратузилма кенг миқёсда издан чиқарилди.»

У АҚШни «давом этаётган Исроил тажовузини тўхтатиш учун жуда кеч бўлмасдан аралашишга» чақирди, чунки бу «барчанинг зиммасига тушадиган оқибатлар билан бошқариб бўлмайдиган кескинлашувга олиб келиши мумкин».

Баёнотда шунингдек, Трампнинг Ғазодаги фаластинликларни Иордания ва Мисрга кўчириш ҳақидаги таклифига ҳам ишора қилинган.

«Халқимизга таҳдид солиш ҳеч кимга фойда келтирмайди, аксинча, бу бугун ёки эртага, бу ерда ёки минтақада кенг кўламли вайронагарчиликка сабаб бўлади».

Дўстларингизга ҳам юборинг: