Хитой сунъий интеллект иловаси АҚШни қаттиқ қўрқитмоқда
АҚШдаги DeepSeek фойдаланувчилари янги қонун бўйича миллион долларлик жарима ва қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Жуда машҳур Хитой сунъий интеллект иловаси хавфсизлик, шахсий маълумотлар ҳимояси ва ахлоқий муаммоларни келтириб чиқарди.
Янги таклиф этилаётган қонун АҚШда одамларни Хитойнинг DeepSeek сунъий интеллект иловасидан фойдаланганлиги учун катта миқдордаги жарима ёки ҳатто қамоқ жазосига тортиши мумкин.
Республикачи сенатор Жош Хоули томонидан киритилган қонун лойиҳаси «Америка Қўшма Штатлари фуқароларига Хитой Халқ Республикаси ҳудудида ва бошқа шахслар учун сунъий интеллект имкониятларини ривожлантиришни тақиқлаш»га қаратилган.
Таклиф этилаётган қонун Хитойда ишлаб чиқилган «технология ёки интеллектуал мулк»ни импорт қилишнинг олдини олади, чекловларни бузган ҳар қандай шахс 20 йилгача қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Бундан ташқари, жисмоний шахсларга 1 миллион долларгача, корхоналарга эса 100 миллион долларгача жарима солиниши мумкин.
Гарчи унда DeepSeek номи тилга олинмаса-да, бу қонун лойиҳаси Хитой чатботи АҚШдаги энг машҳур сунъий интеллект иловасига айланганидан бир ҳафта ўтгач ва АҚШ технология компаниялари акциялари кескин тушиб кетганидан сўнг тақдим этилди.
Унинг тўсатдан оммалашуви хавфсизлик, махфийлик ва ахлоқ масалалари бўйича хавотирларни келтириб чиқарди, жумладан DeepSeek’нинг Хитой Коммунистик партиясига оид мавзулар ҳақидаги саволларга жавоб бера олмаслиги.
АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой иловасини Америка технология саноати учун «уйғониш чорловчиси» деб атади. Оқ уй эса ДDeepSeek’нинг миллий хавфсизликка таъсирини баҳоламоқда.
Қўшма Штатлар Ҳарбий-денгиз кучлари аллақачон ўз ходимларига DeepSeek’дан иш билан боғлиқ вазифалар ёки шахсий мақсадларда фойдаланишни тақиқлаган. NASA эса ҳукумат томонидан берилган қурилмалар ва тармоқларда сунъий интеллект технологиясини тақиқлаган.
Бир қатор штатлар ҳам DeepSeek’ни тақиқлашни кўриб чиқаётганини маълум қилди. Техас биринчи бўлиб ҳукумат қурилмаларида тақиқ жорий этди.
«Техас Хитой Коммунистик партиясига маълумот тўпловчи сунъий интеллект ва ижтимоий медиа иловалар орқали штатимизнинг муҳим инфратузилмасига кириб олишига йўл қўймайди,» – деди Техас губернатори Грег Абботт.