Францияда хусусий мусулмон мактаби ёпилди: 600 ўқувчи таълимдан маҳрум бўлиши мумкин
Франция ҳукумати Лион яқинида жойлашган Ал-Кинди хусусий мусулмон мактабининг лицензиясини бекор қилди. Натижада, 600 дан ортиқ ўқувчи таълимсиз қолди. 30 нафар ўқитувчи эса ишсиз қолиши мумкин.
Ҳукумат расмийларининг таъкидлашича, мактаб маъмурияти таълим ва бошқарув билан боғлиқ талабларни бузган.
Текширув натижаларига кўра, ҳукумат бир нечта асосий далилларни келтирган. Жумладан, мактаб кутубхонасида иккита «радикал» деб баҳоланган китоб борлиги, «YouTube»да ўқитувчилардан бирининг баҳсли баёнотлари тарқалгани ва Франция ҳукумати мактабни «Мусулмон биродарлар» ҳаракатига яқин» деб баҳолаган.
Бу Францияда ёпилган биринчи мусулмон мактаби эмас. Бир йил аввал Лилл шаҳридаги Аверроэс мактаби ҳам ҳукумат ёрдамини йўқотган. Оқибатда, ўқувчилар учун тўлов икки баравар ошган ва мактаб ўқувсиларининг ярмини йўқотган.
Францияда 127 та хусусий мусулмон мактаби бор, уларнинг атиги 10 таси давлат томонидан молиялаштирилади. Шу билан бирга, 7045 та католик мактаблари давлат маблағлари билан таъминланади ва 2 миллион ўқувчига таълим беради.
Ал-Кинди директори Абдулваҳб Баклининг таъкидлашича, Католик мактаблари 15 йилда бир марта текширилади, мусулмон мактаблари эса ҳар йили назорат қилинади.
Ал-Кинди маъмурияти мактабни сақлаб қолиш учун молиялаштириш кампаниясини бошлаб, 255 минг евро йиғишга муваффақ бўлди.
Мутахассисларнинг фикрича, Франция ҳукумати мусулмон мактабларига босимни кучайтирса, бу яширин таълим муассасаларининг кўпайишига олиб келиши мумкин.