Польша Россияни ҳаво чегарасини бузишда айблади

Польша Россияни ҳаво чегарасини бузишда айблади

Россиянинг Су-24МР ҳарбий самолёти 11 февраль, сешанба куни Польша ҳаво ҳудудига кириб келгани ҳақида Польша қўмондонлиги баёнот берди. Ҳодиса Болтиқ денгизи яқинида, самолёт Калининград вилоятидан ҳавога кўтарилган пайтда содир бўлган.

 

Польша маълумотларига кўра, самолёт мамлакат ҳаво ҳудудида 1 дақиқа 12 сония бўлган ва Польша ҳарбийларининг огоҳлантиришидан сўнг йўналишини ўзгартирган. Россия томони эса бунга самолётнинг навигация тизимидаги носозлик сабаб бўлганини маълум қилди.

 

«Бизнинг тизимларимиз бу самолётни дарҳол аниқлади ва огоҳлантиришдан сўнг у ҳаво ҳудудимизни тарк этди», — дея таъкидлади Польша ички ишлар вазири Томас Семоняк.

 

Польша ҳукумати ушбу ҳодисага нисбатан дипломатик чораларни кўриб чиқмоқда. Воқеа Россия ва НАТО ўртасидаги кескинлик ортиб бораётган, шунингдек, Польша ўз хавфсизлигидан ташвишланаётган бир пайтда содир бўлди. Украинага ёрдам бераётган Варшава, Россия тажовузининг навбатдаги нишонига айланиши мумкинлигидан хавотирда.

 

Бу Россиянинг Польша ҳаво ҳудудини илк бор бузиши эмас. Украина уруши бошланганидан буён Россия самолётлари бир неча бор Польша чегараларини кесиб ўтган. Шу сабабли Польша армияни кенг кўламли модернизация қилишга киришган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: