Тошкент вилоятидаги заправкада 11 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
![](https://hordiq.uz/wp-content/uploads/2025/02/2025-02-14-21.29.22-pjsodldp.jpg)
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги газ заправкада 11 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Ғ.О” МЧЖ мансабдор шахслари жамиятга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасининг ўлчов қурилмаларига ташқи таъсир кўрсатган.
Мазкур ҳолат юзасидан жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (ўғрилик жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Свет” ва газдан ноқонуний фойдаланаётган метан заправкалар
Апрель ойида Тошкент вилояти Бўка туманидаги метан заправкада бир ойда 1,8 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган эди. Май ойида Қорақалпоғистонда 222,6 млн сўмлик газни мувофиқлик сертификатисиз сотган заправка жаримага тортилганди.
Май ойида Фарғона вилоятидаги метан заправкада 1 миллиард сўмдан зиёд табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Август ойида эса Ўзбекистон туманидаги метан газ тўлдириш шохобчасида 792,5 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилганди.
Бундан ташқари, Ангрендаги метан заправкада 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан, Самарқанддаги метан заправкада 6,6 млрд сўмликгаздан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.