Илон Маск АҚШнинг 425 миллиард долларлик олтин захираларини изламоқда

Илон Маск Форт-Ноксдаги олтин захиралари сақланиб қолгани ёки йўқлиги ҳақидаги узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган тахминларни яна жонлантирди. Дам олиш кунлари миллиардер ва Давлат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Х (собиқ Тwиттер) ижтимоий тармоғида 425 миллиард долларга баҳоланган олтиннинг ҳолати ҳақида шубҳа уйғотди.
«Форт-Ноксдан олтин ўғирланмаганини ким тасдиқлайди?» дея ёзди Маск. «Балки у ерда бордир, балки йўқдир. Бу олтин Америка халқига тегишли! Биз унинг ҳали ҳам ўша ердалигини билишни истаймиз.»
Унинг фикрлари турли хил муносабатларни келтириб чиқарди. Баъзилар шаффофликни оширишга чақириқларни қўллаб-қувватласа, бошқалар буни яна бир фитна назарияси сифатида рад этди.
Баҳс қандай бошланди?
Тахминларнинг сўнгги тўлқини душанба куни эрталаб соат 3:50 да, Маск Алекс Жонснинг Форт-Ноксда «йўқолган олтин» ҳақидаги хабарига жавоб берганида бошланди. У: «Форт-Нокс бўйлаб жонли видео саёҳат қилиш ажойиб бўларди!» деб таклиф қилди. Кўп ўтмай, Маск «South Park» мультфильмининг машҳур мемини эълон қилиб, «Ва… йўқ бўлди,» деб ёзди.
Қизиқарли томони шундаки, АҚШ сенатори Майк Ли унга бир неча бор объектга киришга рухсат берилмаганини айтди. «АҚШ сенатори сифатида мен Форт-Ноксга киришга бир неча бор уриниб кўрдим. Форт-Нокс: Сиз Форт-Ноксга кира олмайсиз. Мен: Нега? Форт-Нокс: Бу ҳарбий объект. Мен: Мен сенаторман, доим ҳарбий базаларга бораман. Форт-Нокс: Барибир кира олмайсиз. Чунки мумкин эмас.
Махфийлик ва тахминлар тарихи
Форт-Нокс олтин захиралари ҳақидаги фитна назариялари янгилик эмас. Ўн йиллар давомида китоблар, подкастлар ва сиёсий арбоблар олтиннинг дахлсиз қолганлигига шубҳа билдириб келишган. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Форт-Ноксда 147 миллион троя унциясидан ортиқ олтин мавжуд бўлиб, бу мамлакатдаги энг йирик захира ҳисобланади. Ўз чўққисида у 649,6 миллион унция олтинни сақлаган.
АҚШ ҳукумати ҳар ойда миллий олтин захиралари тўғрисида ҳисобот эълон қилади, унда уларнинг жойлашуви ва фойдаланилиши батафсил кўрсатилади. Форт-Ноксдан ташқари, катта миқдордаги олтин Ню-Ёркдаги Федерал захира хазинасида, шунингдек, Вест-Пойнт ва Денвердаги зарбхоналарда сақланмоқда. Бироқ бу ҳисоботлар шубҳа қилувчиларни тинчлантиролмади ва муассасанинг қатъий ташриф буюрмаслик сиёсати фақат гумонларни кучайтирмоқда.