Омонатларни кафолатлаш агентлиги тузилади

Омонатларни кафолатлаш агентлиги тузилади

“Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-1031-сон, 18.02.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонун жисмоний шахсларнинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг, шунингдек юридик шахсларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Омонатларни кафолатлаш агентлиги банклардаги омонатларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Омонатларни кафолатлаш тизими кафолатлаш ҳодисаси юзага келганда Агентлик томонидан омонатчиларга компенсацияларни тўлаш орқали омонатчиларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир.

Банк, шу жумладан микромолия банки ва қонунчиликка мувофиқ ташкил этилган оралиқ банк лицензия берилган пайтдан эътиборан кафолатлаш тизимининг иштирокчисига айланади.

Бир банкда бир омонатчига тўланадиган компенсация қуйидаги миқдорни ташкил этади:

 

– кафолатлаш объекти қолдиғининг тўлиқ ҳажмини, агар унинг миқдори 200 миллион сўм ёки ундан кам бўлса;

– 200 миллион сўмни, агар кафолатлаш объектининг қолдиғи 200 миллион сўмдан кўп бўлса.

Агентлик тугатилаётган банк омонатчиларининг камида тўртдан уч қисмига компенсацияларни олиш имкониятини қуйидаги муддатларда таъминлаши шарт:

 

– 2025 йил 1 январдан бошлаб – кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан 20 иш куни ичида;

 

– 2026 йил 1 январдан бошлаб – кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан 15 иш куни ичида;

 

– 2027 йил 1 январдан бошлаб – кафолатлаш ҳодисаси юзага келган санадан эътиборан 7 иш кунида.

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: