Германияда муддатидан олдин парламент сайловлари учун овоз бериш бошланди

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 08:00да очилди ва 18:00 да ёпилади.
Сайловлар аралаш тизим асосида ўтказилмоқда: Германия фуқаролари бир мандатли округ бўйича номзодга ва 16 федерал ерлардан бирида сайловда қатнашаётган сиёсий партияга овоз беришлари керак.
Сўровнома натижаларига кўра, сайловолди пойгада Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) етакчилик қилмоқда. Партияни Фридрих Мерц бошқаради ва у 30% овоз олиши кутилмоқда. Иккинчи ўринга ўта ўнг “Германия учун муқобил” (АfD) партияси даъвогарлик қилмоқда. Амалдаги канцлер Олаф Шолц бошчилигидаги Социал-демократик партия (СДП) эса фақат учинчи ўринни олиши мумкин.
Муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши ҳукмрон марказ-сўл коалициянинг (СДП, “Яшиллар” ва “Эркин демократлар”) иқтисодий масалалар бўйича келишмовчиликлар сабабли тарқалиши натижасида эълон қилинган эди.