Россия Саудия Арабистонида АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказадими?

Россия 25 феврал куни Саудия Арабистонида АҚШ вакиллари билан музокаралар ўтказилиши ҳақидаги хабарни рад этди.
«25 феврал куни Ар-Риёдда Россия ва Қўшма Штатлар расмийлари ўртасида ҳеч қандай учрашув режалаштирилмаган», — дея маълум қилди Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков.
Унинг сўзларига кўра, яқин икки ҳафта ичида тегишли идоралар раҳбарлари даражасида учрашув режалаштирилган, унда икки томонлама муносабатлардаги “муҳим масалалар” муҳокама қилинади. Бу учрашув кейинчалик бўлиб ўтадиган вазир ўринбосарлари даражасидаги маслаҳатлашувларга замин яратади.
«Ҳар қандай келишувга эришиш олдидан жуда пухта тайёргарлик кўриш зарур. Бу жараён аллақачон бошланган. Ҳозирда Россия ва АҚШ саммитига тайёргарлик кўриш бошланғич босқичда», — дея қўшимча қилди Рябков.