Москвада машҳур блогернинг мол-мулки хатланди

Москвада машҳур блогернинг мол-мулки хатланди

Москва Мешчан суди чет эл агенти фаолияти қоидаларини бузганликда айбланаётган блогер Иля Варламовнинг (Россияда «чет эл агенти» сифатида рўйхатга олинган) банк ҳисобларига таъминот хатловини қўйди.

«Москва шаҳар Мешчанский туман суди қарори билан терговчининг Варламов Иля Александровичга тегишли ҳисоблардаги пул маблағларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилди,» дея хабар берди суд матбуот хизмати. Блогернинг ҳисобларида қанча маблағ хатлангани аниқланмади.

Илгари Москва прокуратураси матбуот хизмати ТАСС агентлигига Варламовга нисбатан чет эл агентлари тўғрисидаги қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаш моддаси (РФ ЖК 330.1-моддаси 2-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган эди. Иш назорат идораси текшируви материаллари асосида қўзғатилди.

2023 йил март ойи охирида Россия Адлия вазирлиги Иля Варламовни хорижий агентлар реестрига киритди. Вазирликнинг таъкидлашича, блогер ҳокимият органларининг қарорлари ва сиёсати ҳақида сохта маълумотлар тарқатган, шунингдек, хориждаги манбалардан ёрдам олган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: