Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти 40 минг долларлик грантни қўлга киритди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Солиқ ва солиққа тортиш” кафедраси доценти Дилдора Абдусаттарова дунё рейтингида 23-ўринни эгаллаган Мичиган университетида 2025-2027-йилларда олиб бориладиган илмий тадқиқотлар учун мўлжалланган 40 000 долларлик грантни қўлга киритди.
– Мичиган университети, шубҳасиз, дунёнинг етакчи илмий муассасаларидан биридир ва у ердаги илмий тадқиқотлар билан яқиндан танишиш, улар билан ҳамкорлик қилиш мен учун катта имконият. Грант нафақат илмий ишланмаларимни ривожлантиришга ёрдам беради, балки янги методологияларни ўрганиш ва илғор илмий лойиҳаларда иштирок этишга замин яратади. Бошқа олимлар билан фикр алмашиш, тажриба орттириш ҳамда глобал илмий ҳамжамиятга қўшилиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таълим беришда ҳам, талабаларимга илғор билимлар беришда ҳам ўз таъсирини кўрсатади, – дейди Дилдора Абдусаттарова.
Мичиган университетининг Таълим факултети томонидан тақдим этилган мазкур грант билан тақдирланган тадқиқотчилар илмий ва амалий тажрибалар асосида илғор илмий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.