Президент Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги сиёсат концепциясини тасдиқлади

Президент Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги сиёсат концепциясини тасдиқлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси тўғрисида»ги қонунни имзолади, дея хабар берди «Gazeta.uz». Ҳужжат 11 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 20 февраль куни Сенат томонидан маъқулланган.

Концепция «кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистонда бутун жамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик, изчил тараққиёт асосида ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш учун зарур бўлган барқарор муҳитни таъминлашга» қаратилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Конституция барчага виждон эркинлигини, хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини кафолатлайди, диний қарашларни мажбуран сингдиришни тақиқлайди. Бунда халқ маданияти, турмуш тарзи, урф-одатлари, ахлоқини шакллантириш ва авлоддан-авлодга етказишга хизмат қиладиган диний қадриятларнинг муҳим ўрни қайд этилади.

«Диний эътиқодлар ва диний бағрикенглик, динларнинг асл инсонпарварлик моҳияти жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларидан бири бўлиб, Ўзбекистон халқини бирлаштириш ва жипслаштиришга хизмат қилувчи, оилаларда ўзаро ҳурмат-иззат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи асрий қадриятлар манбаидир. Виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқ дунёвий давлатдагина тўлақонли амалга оширилиши мумкин. Дунёвий давлат диний қадриятларнинг, эътиқодларнинг ҳурмат ва ҳимоя қилиниши, изчил ривожланиши учун зарур ижтимоий муҳит яратади», — дейилади концепцияда.

Концепцияда қуйидаги тушунчаларга изоҳ бериб ўтилган.

Виждон эркинлиги — фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқи;

дунёвийлик – виждон эркинлиги, эркин фикрлаш ҳамда Конституция ва қонунларга мувофиқ инсонпарвар қадриятларга, умумжамият манфаатларига асосланган ахлоқ ва хулқ-атворни назарда тутувчи норма ва қарашлар тизими;

дунёвий давлат — ҳар ким учун виждон эркинлиги, мафкура ва фикрлар хилма-хиллиги кафолатланган, давлат ҳокимияти диний-конфессиявий қарашлар ва институтлардан ажратилган ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда, қарорлар қабул қилишда ва уларни ижро этишда Конституцияга ва қонунларга, умумжамият манфаатларига асосланган тарзда бошқариладиган давлат;

дунёвий қадриятлар — виждон эркинлигига, қонун устуворлигига, мафкура ва фикрлар хилма-хиллигига, динлараро бағрикенглик

ва миллатлараро тотувликка асосланган жамиятдаги умуминсоний принциплар, нормалар ва қарашлар мажмуи;

умумжамият манфаатлари — жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун олдида тенглигини таъминлаш, биргаликда тинч-тотув яшаш, моддий-маънавий неъматлардан адолатли тарзда фойдаланиш ҳамда тараққий этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги жамиятнинг онгли эҳтиёжлари йиғиндиси.

Концепциянинг алоҳида бобларида қуйидагилар тавсифланган:

Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш жараёнининг ҳозирги ҳолати;

Дин соҳасидаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари ва принциплари;

Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари;

Дунёвий давлатда умумий манфаатлар уйғунлиги ва виждон эркинлигини таъминлаш;

Дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва механизмлари (давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, маданият, никоҳ институтини тартибга солиш, ижтимоий ахлоқ ва хулқ-атвор меъёрларини шакллантириш йўналишларида).

Ҳужжатда «қонунлар билан тартибга солинган ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этишга бўлган уринишлар, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, ижтимоий ахлоқ нормаларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан, товарлар ва хизматлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклаш, айрим давлат хизматчиларининг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги ҳамда жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи қонунга хилоф ғоялар ва қарашлар тарқалиши» ҳоллари учраётгани қайд этилган.

«Бундан ташқари, ахборот маконининг глобаллашуви натижасида ижтимоий тармоқлардан эркин фойдаланилиши, ёшларнинг миграция жараёнларига кенг жалб қилиниши шароитларида радикаллашувга сабаб бўлувчи омилларни тўлиқ назорат қилиш имконияти чекланган», — дейилади концепцияда.

Ҳужжатга кўра, бундай ҳолатлар «ягона Ўзбекистон халқининг, жамият ва давлатнинг ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, қонун ҳужжатларига риоя этилмаслигига, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига, фуқароларнинг ҳуқуқий тартиботга муносабати салбий томонга ўзгаришига, ватанпарварлик туйғулари емирилишига, оилавий низоларга олиб келиши мумкин».

Диний соҳадаги давлат сиёсати принциплари аниқ белгиланмаганлиги унинг аҳоли ўртасида турлича тушунилишига, дунёвий давлат асосларининг бузиб талқин қилинишига, жамиятда зиддиятли вазиятларнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, илм-фан ва технологик ютуқлар билан ҳисоблашмаслик, уларнинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига эътиборсизлик, замон билан ҳамқадам бўлмаслик мамлакатнинг глобал рақобат майдонида муносиб ўрин эгаллаш йўлидаги долзарб вазифаларни амалга оширишни мураккаблаштиради, деб таъкидланади концепцияда

Дўстларингизга ҳам юборинг: