Россия ва АҚШ дипломатлари Истанбулда учрашди

Россия делегацияси АҚШнинг Истанбулдаги Бош консуллиги қароргоҳига етиб келди. Музокаралар икки давлат дипломатик ваколатхоналари фаолиятини мураккаблаштирадиган “тизимли муаммолар”ни бартараф этишга бағишланган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ учрашув юқори мартабали экспертлар даражасида бўлишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Американинг аввалги маъмурияти россиялик дипломатлар фаолиятига тўсиқлар яратган ва Москва АҚШнинг Россиядаги элчихонасига қарши кўзгу чоралари билан жавоб берган.
Истанбулдаги музокаралар 18 феврал куни Ар-Риёдда бошланган дипломатик мулоқотнинг давоми бўлди. Ўшанда томонлар икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш ва Украинадаги можарога барҳам бериш йўлларини муҳокама қилган.
АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Россия президенти Владимир Путин билан Украинадаги можарони муҳокама қилиш учун шахсан учрашиш режасини маълум қилган эди. У учрашув Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши мумкинлигини тан олди.
Ўз навбатида Туркия тинчликка эришиш саъй-ҳаракатларини, жумладан, музокаралар ташкил этишни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.