Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги Опера биносида Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунида “Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ўртасида туризм соҳасидаги Келишув баённонмаси ва Ҳаракатлар режаси”ни имзолаш маросими бўлиб ўтди ва унга кўра икки давлат ўртасидаги авиа рейслар сонини ошириш ва сайёҳлар сонини 1 миллион кишига етказиш кўзда тутилган.
“Ўзбекистон тарихий ва маданий бойликлари билан дунёнинг энг муҳим туризм йўналишларидан биридир. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби бетакрор шаҳарлар нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё маданий меросида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, ўзбек таомлари, анъанавий ҳунармандчилик ва сайёҳлик соҳасидаги ноёб тажрибалари Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда”, деди Меҳмет Нури Эрсой.
Меҳмет Нури Эрсой ўтган йилнинг июн ойида бўлиб ўтган Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши муносабати билан туризм соҳасидаги муштарак мақсадларни илгари сурган “Келишув баённомаси”ни имзолаганликларини таъкидлаб, икки давлат ўртасида туризм соҳасида ҳамкорликни ошириш ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишга устувор аҳамият берганликларини қайд этди.
“Икки давлат ўртасидаги авиақатновлар сезиларли даражада ошганини кузатмоқдамиз”
Меҳмет Нури Эрсойга кўра, икки давлатда ҳам туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар мавжуд ва икки давлат ўртасида туризм ҳамда маданият соҳаларидаги ҳамкорлик ҳозирда энг юқори даражада давом этмоқда.
“Фидойилик ва хайрихоҳлик доирасида ҳамкорлигимизни давом эттириш ва янада ривожлантириш мамлакатларимизнинг мақсадлари қаторига киради. Биз ҳам шу мақсадга хизмат қиладиган ҳар қандай лойиҳага ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида ҳаво қатновида жиддий ўсиш кузатдик. Келажакда иккала давлат ҳиссаси билан бу ўсишнинг давом этишини таъминлаймиз. Келишиб олганимиздек, турли шаҳарлардан мақсадли йўналишларга парвозлар сонини оширамиз ва парвоз режаларига янги йўналишларни киритамиз. Нафақат байроқ ташувчиларни, балки ўзаро чартер самолётларини ҳам кўпайтирамиз. Умид қиламанки, ушбу чора-тадбирлар режаси икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга туртки бўлади. Бу жараёнда сизлар билан бирга ишлаш ва ҳамкорлик қилишдан мамнунман. Икки мамлакат учун ҳам фойдали бўлади, деган умиддаман”, дея қўшимча қилди Меҳмет Нури Эрсой.
“Туркиянинг туризм соҳасидаги ривожини диққат билан кузатиб борамиз”
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик алоқалари азалдан бўлганини, туризм икки давлатнинг муштарак жиҳатларидан бири эканини таъкидлади.
Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Туркиянинг туризм нуқтаи назаридан нодир ва гўзал ўлка эканлигини, унинг туризм соҳасидаги ривожини яқиндан кузатиб бораётганликларини тилга олди ва бу ҳолатнинг Ўзбекистон туризмига ҳам ҳисса қўшишига умид билдирди.
“Ушбу Келишув баённомаси ва Ҳаракат режаси биз қўядиган қадамлар нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим. Шу маънода ўз мақсадларимизни белгилаб олдик ва қуйидаги таклифлар илгари сурилди:
— Туризм масканларини боғлайдиган авиақатновларни кўпайтириш;
— Ўзбекистонда Туркиянинг ва Туркияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш;
— Мотуридий, Нақшбандий ва Бухорий тариқатлари издошларининг Туркия марказий ва шарқий провинцияларида истиқомат қиладиган йирик жамоаларини (умумий 3 млн атрофида) Ўзбекистонга кенгроқ жалб этиш, музейлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, маданий тадбирларни кўпайтириш;
— “Турк қардошлар” дастурини амалга ошириш, давлатларимиз тарихини ўзаро чуқурроқ ўрганиш, ҳамкорликда кино асарлари яратиш;
— Ўзбекистонда жадал ривожланиб бораётган туризм йўналишлари – экотуризм, экстремал туризм, зиёрат туризмига бағишланган тематик кўргазмалар, фото-кўргазмалар ташкил қилиш;
— Туркиялик сайёҳларнинг Бухородаги 7 та Пир зиёратгоҳларига саёҳатларини йўлга қўйиш;
— Туркия музейларида Ўзбекистон музей экспонатлари бурчакларини яратиш;
— Туркиянинг йирик санъат даргоҳлари, парк ва боғларида Ўзбекистон томонидан ЮНEСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган бахшичилик, мақом санъати ва лазги рақси намойишлари, маданий фестиваллар ва “опен-аир” тадбирларини ўтказиш;
— туркияликлар учун, уларнинг талаб ва истакларига мос туристик маҳсулотлар яратиш мақсадида туроператорлар, рестораторлар, туризм инфраструктурасига сармоя киритадиган компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш;
— аэропортларда, меҳмонхона, кафе ва ресторанларда турк тилида кўрсаткич белгиларини ўрнатиш, менюлар яратиш, турк туристларига мослаштирилган (таилор-маде) маршрут, экскурсия ва турлар ҳамда давлатлар кулинариясини бирлаштирган ресторанлар ташкил қилиш;
— Туризмнинг турли соҳалари бўйича ўзаро тажриба алмашиш. Биз бу масалаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Айни пайтда Ўзбекистондан Туркияга 250 мингдан ортиқ, Туркиядан Ўзбекистонга 150 мингдан ортиқ сайёҳ келмоқда. Бу бизнинг имкониятимиз қанчалик юқори эканлигини ва уни қандай ошириш мумкинлигини кўрсатади. Бундан келиб чиқиб, Туркиядан Ўзбекистонга 1 миллион киши, Ўзбекистондан эса 1 миллион киши Туркияга ташриф буюришини мақсад қилган ҳолда иш олиб боришга ҳам келишиб олдик. Бу рақамларга эришсак, маданий бирлигимизни ҳам мустаҳкамлаган бўламиз”, дея ўз нутқини якунлади А.Абдуҳакимов.
Ўз навбатида Меҳмет Нури Эрсой Ўзбекистон томонидан билдирилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватланишини билдирди. Маърузалардан сўнг икки вазир Келишув баённомаси ва Ҳаракат режасини имзолади.