Эртадан метан заправкалар босқичма-босқич очилади

Эртадан метан заправкалар босқичма-босқич очилади

Метан заправкалар фаолиятига қўйилган чекловлар босқичма-босқич олиб ташланади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Март ойининг дастлабки кунларида мамлакатимизда ҳаво ҳарорати кескин тушиб, табиий газ истеъмолининг ортиши ва газ қувурларида босимнинг пасайишига сабаб бўлди. Мазкур ҳолатда биринчи навбатда аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлашга устуворлик қаратилди ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.

Ўтган кунлар мобайнида олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида қувурларда газ босими нормаллаштирилди. Бу эса метан заправкалар иш фаолиятини тиклаш имконини яратди.

Эртага, 6 март куни соат 09:00 дан эътиборан барча ҳудудларда метан заправкалар фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз, дейилади вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.

Дўстларингизга ҳам юборинг: