Филиппиндаги жазирама сабабли мактаблар вақтинча ёпилди
Филиппин ҳудудини қамраб олган экстремал жазирама туфайли айрим шаҳарларнинг мактабларида ўқув жараёни вақтинча тўхтатилди.
Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, Манилада ҳаво ҳарорати эрталаб 36-38 даража атрофида, тушга келиб эса 42 даражагача етиши мумкин. Шу сабабли мамлакатнинг фавқулодда вазиятлар бўйича кенгаши тавсияларига асосан пойтахт ва бошқа бир қанча шаҳарларда мактаблар ёпилди.
Лас-Пиняс, Паранакю ва Марикина каби ҳудудларда ҳам мактаблар вақтинча фаолиятини тўхтатди. Филиппин Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай иссиқ об-ҳаво инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиришини таъкидлади.
Шифокорлар жазирама туфайли иссиқлик уриши, бош оғриғи, қусиш, ҳолсизлик, ҳушдан кетиш ва ҳатто ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Шу боис аҳолига куннинг энг иссиқ пайтларида кўчага чиқмаслик, кўпроқ суюқлик ичиш ва салқин жойларда бўлиш тавсия этилди.
Филиппин Атмосфера, геофизика ва астрономия хизмати ҳароратнинг 42-51 даражага етишини «хавфли» даража сифатида баҳоламоқда.
