Хитойда Буюк Хитой деворидан қадимийроқ девор топилди

Хитойнинг Шандун вилоятида Буюк Хитой деворидан 300 йил олдин қурилган қадимий истеҳком девори топилди. Археологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу иншоот тахминан 2800 йил олдин барпо этилган.
Тадқиқотчилар бу девор милоддан аввалги 800 йилларда қурилганини аниқлашди. Дастлаб унинг кенглиги 10 метр бўлган, лекин Жанг қилган қиролликлар даврида (миль. авв. 475–221 йиллар) у 30 метргача кенгайтирилган.
Археологлар девор атрофида уйлар, йўллар ва хандақ қолдиқларини ҳам аниқлашди, бу эса ҳудудда доимий ҳарбий гарнизон бўлганидан далолат беради. Иншоотнинг ёши ҳайвон суяклари ва ўсимлик қолдиқларини радиокарбон усули билан таҳлил қилиш орқали тасдиқланди.
Мутахассисларнинг фикрича, бу очиқ истеҳкомлар Буюк Хитой девори билан бевосита боғлиқ эмас. Улар феодал тарқоқлик даврида Си қироллиги томонидан ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун қурилган. Ушбу кашфиёт қадимги Хитой ҳарбий архитектураси ва мудофаа стратегиялари ҳақида янги маълумотлар беради.
Маълумки, Буюк Хитой девори илк бор Қин Шиҳуангди даврида (миль. авв. 221–210 йиллар) бир неча мавжуд деворларни бирлаштириш орқали барпо этилган. У шимолдан келган кўчманчи қабилаларга қарши мудофаа вазифасини бажарган. Кейинчалик Мин сулоласи (1368–1644 йиллар) даврида девор янада мустаҳкамланган ва кенгайтирилган.