Россия Сурияга ақл бовар қилмайдиган маблағ таклиф қилмоқда

Россия сиёсий вазиятдаги ўзгаришларга қарамай, ўзининг Суриядаги ҳарбий базаларини сақлаб қолишда қатъий турибди. The Wall Street Journal газетаси ёзишича, Кремль АҚШнинг янги маъмурияти Сурия масаласида ўз позициясини аниқлагунига қадар, бу мақсад йўлида миллиардлаб маблағ сарфлашга тайёр.
Москва ва Дамашқ кўплаб масалалар, жумладан, фуқаролар уруши давомида етказилган зарарни қоплаш ва Башар Асадни экстрадиция қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Музокаралар Россия вакилларининг Сурияга ташрифи ортидан фаоллашди. Улар Хмеймимдаги авиабаза ва Тартусдаги денгиз базасининг истиқболи, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни муҳокама қилишди.
Дамашқ билан музокаралар февраль ойи ўрталарида Путин ва Аш-Шараъа ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатидан сўнг янада жадаллашди. Бир неча кундан кейин Сурияга Россияда чоп этилган 23 миллион доллар қийматидаги Сурия банкнотлари ортилган самолёт жўнаб кетди.
Шу билан бирга, Сурияга миллионлаб долларлик бюджет ёрдами кўрсатишни муҳокама қилган Қатар ва Саудия Арабистони ҳозирча аниқ қадамлар қўйишдан ўзини тиймоқда. Улар АҚШ томонидан илгари террорчилик гуруҳи деб эълон қилинган мамлакатнинг янги раҳбарларига нисбатан санкциялар бекор қилинишини кутмоқда.
Дамашқ Асад томонидан Россияга олиб чиқиб кетилган маблағларни қайтариш ҳамда Тартус портини кенгайтириш ва газ конларини ўзлаштириш каби лойиҳаларни давом эттиришдан манфаатдор. Бу базалар Россия учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, унинг Шарқий Ўрта ер денгизидаги мавжудлигини ва Африкада ҳарбий операциялар ўтказиш имкониятини таъминлайди.