Туркия Украинага қўшин юбормоқчи

Туркия Мудофаа вазирлиги пайшанба куни мамлакат Украинага ҳарбий куч юбориш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди. Анқара бу қарорни Европа хавфсизлигига таъсир қилувчи омилларни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқмоқда, дея ёзмоқда «Zamon.uz».
Туркия НАТО ва ЙХҲТ (Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти) аъзоси сифатида минтақавий хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми эканини қайд этган. Баёнотда Анқаранинг илғор мудофаа саноати, қудратли армияси ва инқирозларни ҳал қилишдаги муҳим роли алоҳида таъкидланган.
Бунгача ОАВ Туркия Украина ва Россия вакиллари билан музокаралар чоғида ўз қўшинларини “тинчликпарвар кучлар” таркибида Украина ҳудудига жойлаштириш ғоясига очиқлигини билдиргани ҳақида хабар берган эди. Бироқ расмийлар Туркия бу каби миссияда фақат кенг қамровли маслаҳатлашувлардан сўнг иштирок этиши мумкинлигини билдирган.
Ҳозирча Туркиянинг Украинадаги эҳтимолий ҳарбий иштироки бўйича якуний қарор қабул қилинмаган, лекин бу мавзу халқаро майдонда муҳокама қилинишда давом этмоқда.