Канаданинг янги бош вазири АҚШ билан муносабатларни бузишга ваъда берди

Англия банкининг собиқ губернатори Марк Карни Канаданинг ҳукмрон Либерал партиясининг янги раҳбари этиб сайланди. У 9-март куни бўлиб ўтган ички партиявий овоз беришда 86 фоиз овоз олиб, собиқ молия вазири Кристиа Фриланд, Жамоатлар палатасида ҳукумат раҳбари Карина Гоулд ва тадбиркор Фрэнк Бэйлисни ортда қолдирди. Карни энди бош вазир лавозимида Жастин Трюдо ўрнини эгаллайди.
Карни Доналд Трампнинг иқтисодий босими остида Канаданинг АҚШга савдо қарамлигини камайтириш тарафдори.
“Америкаликлар бизнинг ресурсларимиз, сувимиз, еримиз ва мамлакатимизга муҳтож. Агар улар муваффақиятга эришсалар, бизнинг ҳаёт тарзимизни барбод қилишади”, деди Карни.
У Европа ва Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўрта синф учун солиқларни камайтириш, бюрократияни қисқартириш ва сармояни рағбатлантириш учун иқтисодиётни тубдан қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Канадани 2015-йилдан бери бошқариб келаётган Трюдо мамлакатга янги танловлар кераклигини айтиб, 6 январ куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Хайрлашув нутқида у Вашингтон билан савдо ва сиёсий келишмовчиликларга ишора қилиб, Қўшма Штатлардан «экзистенсиал чақирув» ҳақида огоҳлантирди.
Трюдонинг машҳурлиги иқтисодий муаммолар, нархларнинг кўтарилиши, уй-жой инқирози ва иммиграция можаролари туфайли кескин тушиб кетди.