Чирчиқда собиқ «Чирчиқстрой» меҳмонхонаси бузилмоқда

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 1935-1936 йилларда лойиҳалаштирилган собиқ «Чирчиқстрой» меҳмонхонаси биноси бузилмоқда.
Бу бино кейинчалик саноат техникуми сифатида фойдаланилган. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бино кўп йиллар давомида фойдаланилмаган ва яроқсиз ҳолга келган.
2025 йил 16 январь куни бузиш учун хулоса берилган. Бундан аввал, вилоятнинг қурилиш ва коммунал хўжалик соҳасидаги инспекцияси бинолар ва иншоотларни визуал кўрикдан ўтказган. Ҳокимиятнинг таъкидлашича, бино Миллий моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилмаган.
Мазкур объект ўрнида Хитойнинг етакчи олий ўқув юртларидан бирининг филиали қурилади. Хитойнинг «Soniya Group» компанияси иштирокида «Чирчиқ инновация гимназияси» МЧЖ ташкил этилган. Лойиҳа доирасида 15 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши, 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши ва Чирчиқда яшовчи оилаларнинг 500 нафар фарзандини сифатли таълим билан таъминлаш режалаштирилган.