Алиев: Европа Озарбайжон газига боғлиқ

Алиев: Европа Озарбайжон газига боғлиқ

Европа Озарбайжон газига муҳтож ва буни тахминан уч йил аввал Бокуда имзоланган Озарбайжон ва Европа Иттифоқи ўртасида энергия соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларация тасдиқлайди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Шимолий Македония президенти Гордана Силяновска-Давкова билан учрашувдан сўнг айтиб ўтди.

“ Ҳозирда Озарбайжон табиий газни 12 давлатга экспорт қилмоқда ва мижозларимизнинг географик жойлашуви Евроосиё маконини қамраб олади ”, деди у. Президентнинг сўзларига кўра, бу ўн икки давлатдан ўнтаси Европа давлатидир.

Алиев ўтган йили Озарбайжоннинг ташқи бозорга 25 миллиард куб метр газ етказиб берганини эслатиб, амалда ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада юқори эканлигини қўшимча қилди. Унинг таъкидлашича, Озарбайжон гази Европанинг энергия хавфсизлигида муҳим рол ўйнайди.

“ Биз ҳар доим Европадаги ҳамкорларимизнинг сўровларига жуда эътиборли бўлганмиз. Яъни, энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик биз учун жуда муҳим ва умид қиламанки, бу амалий ҳамкорлик бошқа соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорликка олиб келади ”, — деди президент.

Шимолий Македония билан алоқалар ҳақида гапирар экан, Алиев уларнинг жадал ривожланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, олий даражадаги учрашувлар тез-тез ўтказилаётгани сиёсий мулоқотлар мустаҳкамланганидан далолат беради.

Президент давлат органлари ўртасида яқин алоқа ўрнатиш, иқтисодий ҳамкорлик, сармоя киритиш имкониятларини ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: