Тошкент давлат иқтисодиёт университети QS рейтингида “ТОП–500” таликдан жой олди

Жорий йилнинг 12 март куни QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан “QS by subject–2025” халқаро университетлар рейтинги натижалари расман эълон қилинди. Ушбу рейтингда Тошкент давлат иқтисодиёт университети биринчи марта “Ижтимоий фанлар ва менежмент” йўналиши бўйича “Иқтисодиёт ва эконометрика” (Эcономиcс and Econometrics) соҳасида жаҳоннинг нуфузли “ТОП–500” университетлари орасида 401-450-поғоналарда қайд этилди.
Шу билан бирга, ТДИУ QS рейтингининг мазкур йўналиши бўйича Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида биринчи ва ҳозирча ягона университет ҳисобланади.
Бу муваффақият – университетнинг илмий-тадқиқот фаолиятини кенгайтириш, халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш ва таълим сифати бўйича узоқ муддатли стратегиясининг самарали натижасидир. Ушбу ютуқ ТДИУнинг халқаро майдондаги нуфузини яна-да ошириб, университет жамоаси учун янги марралар сари дадил қадам ташлашга катта рағбат ва имконият бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат иқтисодиёт университети миллий ва халқаро рейтингларда юқори ўринларни қайд этиб келмоқда, хусусан, университет QS Stars рейтингида 5 юлдуз олган Марказий Осиёда иккинчи ва Ўзбекистонда биринчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.
QS (Quacquarelli Symonds) – бу дунёдаги энг нуфузли таълим рейтингларини тузувчи халқаро ташкилотлардан бири. У асосан олий таълим муассасаларини баҳолаш билан шуғулланади. QS рейтинглари тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар фикри асосида академик обрў, битирувчиларнинг ишга жойлашиш имкониятлари бўйича иш берувчиларнинг фикри, талабалар ва ўқитувчилар нисбати, илмий мақолалар ва иқтибослар сони халқаро талабалар ва профессор-ўқитувчилар улуши каби турли мезонларга асосланади.