Европа Иттифоқидан Трампга шок жавоб: 28 миллиард долларлик тарифлар жорий этилди!

Европа Иттифоқи Трампга қарши 28 миллиард долларлик жавоб тарифларини эълон қилди.
Европа Иттифоқи АҚШ саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига 28 миллиард долларлик жавоб тарифларини жорий этишини маълум қилди. Бу Трамп маъмуриятининг пўлат ва алюминий импортига божларни 25 фоизгача ошириш тўғрисидаги қарорига жавобан амалга оширилмоқда.
Европа Иттифоқи тарифлари 1 апрелдан кучга кириб, ой ўрталаригача тўлиқ жорий этилади.
Ушбу тарифлар доимий савдо низоларига дуч келаётган икки иқтисодий куч ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштириши кутилмоқда. Вашингтон Европанинг келажакда ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни зиммага олиши кераклигини таъкидламоқда.
Европа Иттифоқининг бу чораси президент Доналд Трамп биринчи муддатида Европа ишлаб чиқарувчиларига металл божларини жорий этганидан бери блокнинг АҚШга қарши энг жиддий савдо ҳаракати ҳисобланади.
Янги чоралар Американинг пўлат, алюминий, тўқимачилик маҳсулотлари, маиший техника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби кенг қамровли экспортига қаратилган бўлади.
Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляен Европа Иттифоқининг тарифларини АҚШ томонидан жорий этилган худди шундай қийматдаги тарифларга жавобан «қарши чоралар» деб таърифлади.
«Биз доимо музокаралар учун очиқ бўлиб қоламиз,» – дея таъкидлади фон дер Ляен ўз баёнотида. «Биз қатъий ишонч билан айтамизки, геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар билан тўлиб-тошган дунёда иқтисодиётимизга тарифлар юкини солиш умумий манфаатларимизга зид.»