Дискотекада фожиа: 50 дан ортиқ қурбон!

Шимолий Македониянинг шимоли-шарқидаги Кочани шаҳрида жойлашган «Пульс» дискотекасида юз берган ёнғин оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда MIA агентлиги Ички ишлар вазирлиги манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Ички ишлар вазирлигидан ҳали расмий баёнот берилмаган, аммо агентлик ўнлаб жабрланганлар мамлакатнинг турли шаҳарларидаги шифохоналарга етказилганини тасдиқлади.
Воқеа содир бўлган пайтда муассасада 1,5 мингга яқин одам бўлган. Тахминларга кўра, ёнғиннинг сабаби DNK гуруҳи концерти вақтида пиротехникадан фойдаланиш бўлган.
Воқеа жойига бош вазир Кристиан Митскоски ва ҳукумат аъзолари етиб келишди. Маҳаллий аҳоли ёрдамида қутқарув хизматлари ёнғин оқибатларини бартараф этишни давом эттирмоқда.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, концерт ўтказилган тунги клуб эгаси ҳибсга олинган. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тадбир ташкилотчиларини сўроққа чақиргани маълум қилинди.