Путиннинг элчиси Маскни Марсга таклиф этмоқда

Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев 18 февраль куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Россия-Америка музокараларида иштирок этиб, Илон Маскка 2029 йилда Россия ва АҚШнинг Марсга қўшма миссиясини ташкил этишни таклиф қилди. У бу ҳақда Х платформасида ёзиб қолдирди. «Ақлимиз ва технологияларимиз инсониятни йўқ қилишга эмас, балки унинг шон-шуҳратига хизмат қилиши лозим,» деди Дмитриев.
Илгари Маск 2026 йил охирида унинг компанияси Марсга одамсимон Optimus роботи жойлаштирилган Starship кемасини юборишни режалаштирганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, агар қўниш муваффақиятли бўлса, Қизил сайёрага биринчи астронавтларнинг тушиши 2029 йилдаёқ амалга ошиши мумкин, бироқ эҳтимолроқ муддат 2031 йил ҳисобланади.
18 февраль куни Саудия Арабистонида ўтказилган Россия-АҚШ музокаралари давомида Дмитриев инвестиция ва иқтисодиёт йўналишини назорат қилди. РФПИ маълумотларига кўра, учрашувда у АҚШ вакиллари билан мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни тиклаш истиқболларини муҳокама қилган.
23 февраль куни Владимир Путин Дмитриевни чет давлатлар билан инвеститсиявий-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ўзининг махсус вакили этиб тайинлади. Бу лавозимда у Россиянинг нафақат Глобал Жануб мамлакатлари билан, балки Ғарб, шу жумладан АҚШ билан ҳам ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиради. Шу билан бирга, Дмитриев РФПИ раҳбари лавозимини сақлаб қолади.
Вашингтон Марсни ўрганиш бўйича кенг кўламли режалар ҳақида бир неча бор баёнот берган. Хусусан, 2025 йил 20 январь куни АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг қасамёд маросимидаги нутқида «у ерда юлдузли-йўл-йўл байроқни ўрнатиш» учун астронавтларни Марсга юбориш ниятини эълон қилди.